“AL-MUSTASFO” ASARIDAGI IJTIMOIY MASALALAR YECHIMI

“AL-MUSTASFO” ASARIDAGI IJTIMOIY MASALALAR YECHIMI

Ulashish
TelegramFacebookX

“АЛ-МУСТАСФО” АСАРИДАГИ ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ЕЧИМИ

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига катта аҳамият берилиб, уни қўллаб-қувватлаш ва янада кенг ривожлантиришга зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳар бир шахс молиявий муомалаларда ҳалоллик, адолат ва инсоф билан ҳаракат қилиши лозим.

Савдо жараёнида сотувчининг ҳалоллиги, ёлғон гапирмаслиги, тарозидан камайтирмаслиги, харидорни ҳурмат қилиб, хуш муомалада бўлиши ишининг баракасига сабаб бўлади. Маҳсулотга эҳтиёж сезилган вақтда сотувчи томондан нархнинг сунъий равишда кўтариб юбориши салбий иллатлар қаторига киради. Юртимизда бундай ҳолатлар кўп бўлмаса-да, учраб турганига гувоҳ бўлиш мумкин. 2020 йилда коронавирус вабоси тарқалган ҳамда касаллик авж олган вақтда дори-дармонлар нархининг ошиши, турли байрамлар арафасида бозордаги нарх-навонинг кўтарилиб кетиши бунга мисол бўла олади. Уламолар нархларни бу тарзда сунъий кўтаришни савдо-сотиқдаги таъқиқланган иҳтикор (озиқ-овқат монополияси) масаласига қиёслашган.

Абул Баракот Насафий “ал-Мустасфо” асаридаги бир фаслда ушбу масалага қуйидагича таъриф беради: “Иҳтикор – буғдой, арпа, сомон, беда каби зарурий озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларини қиммат нархда сотишни кўзлаб ушлаб туриш. Абу Юсуф наздида барча нарсаларнинг оммага зарар келтириши учун ушлаб турилиши иҳтикор дейилади”. Агар озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий маҳсулотларни қимматлашганда сотишни қасд қилиб, одамларга енгиллик туғдириш мақсадида улгуржи сотиб олиб, кейин уни нархини оширмасдан сотишни мақсад қилса, иҳтикор қилган ҳисобланмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) вабосининг кенг тарқалиши олдини олиш бўйича чиқарган фатвосининг 7-бандида: “Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир”, дейилган.

Дарҳақиқат, баъзи шароитларда ҳамманинг ҳам зарур маҳсулотларни олишга қурби етмай, қўли калталик қилади. Бундай ҳолатда савдогарлар ўзини бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўриши ҳамда нарх-навони инсоф билан белгилаши керак.

Молиявий муомалалар инсонларнинг бу дунёдаги асосий ва ҳаётлари давомида энг кўп юзага келадиган жараёнлари ҳисобланади. Унга шариат ҳукмлари асосида риоя этилмас экан, кишилар ўртасида келишмовчиликлар кўпаяди. Шу боисдан шариат белгилаган таълимотларни яхши ўрганиб, уларга амал қилишни бугунги кундаги долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этиш мумкин. У тўғри низомга солинган тақдирдагина, жамият ҳаёти тартибга солинади.

Абул Баракот Насафийнинг “ал-Мустасфо” асарида баён этилган савдо масалалари нафақат аллома яшаган давр, балки бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган айрим масалаларга ечим топишга хизмат қилади. Зеро, унда баён қилинган ҳукмларга риоя қилиш орқали савдо муносабатлари тартибга солиниб, адолат, иқтисодий барқарорлик ҳамда оммага манфаат таъминланади.

Абдурахманова Наргиза Тахировна,

Ўзбекистон халқаро исломшунослик

академияси тадқиқотчиси  

 

Keyingi material“AL-MUSTASFO” ASARIDAGI IJTIMOIY MASALALAR YECHIMI