“АЛ-МУСТАСФО” АСАРИДАГИ ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ЕЧИМИ
Маълумки, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. У эркак ва аёл ўртасидаги никоҳга асосланган, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, ота-она ва фарзандларнинг муносабатларидан ташкил топган, гўзал қадриятларни ривожлантириб, давом эттирадиган муқаддас маскан.
Оила никоҳ ақди орқали амалга оширилиб, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни боғловчи ришта ҳисобланади. Никоҳ орқали инсон наслининг давомийлиги таъминланади. Қонунчилигимизда ҳам никоҳга катта эътибор қаратилгани “Оила кодекси”нинг “Никоҳ”га ажратилган алоҳида бўлимидан намоён бўлади.
Абул Баракот Насафийнинг “ал-Мустасфо” асаридаги ижтимоий масалалар, хусусан никоҳ билан боғлиқ мавзулар бугунги кунга келиб ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аллома шарҳда никоҳга оид таърифлар, ундаги томонларнинг розилиги, никоҳ вақтида гувоҳларнинг ҳозирлиги, эркак кишининг турмуш қуриши мумкин бўлмаган аёллар тоифаси, тенглик ва маҳр масаласи, эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда таъминот ҳақида атрофлича баён этган.
Насафий батафсил шарҳлаган никоҳ ҳукмларини билиш эр-хотин ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли келишмовчилик ва низоларни олдини олиб, маъсулиятларини адо этишда ўзаро ҳамкорлик қилиб, таълим-тарбияли фарзандларни вояга етказишга хизмат қилади.
Бугунги кунга келиб бутун дунё бўйлаб оила аталмиш муқаддас масканда ажримларнинг ортиши яққол кўзга ташланмоқда. Бунга асосан эр-хотиннинг бурч ва маъсулиятлари борасида юзага келган мунозаралар сабаб бўлмоқда. Шу билан бир қаторда, оила аъзоларида муроса илмининг етишмаслиги оқибатида бир-бирини тушунмаслик, хонадондаги мавжуд носоғлом маънавий-руҳий муҳит улар ўртасидаги алоқаларнинг дарз кетишига олиб келмоқда.
Оиладаги моддий таъминотнинг етишмаслиги, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро совуқ муносабат, фарзандсизлик, хиёнат, феъл-атворларнинг тўғри келмаслиги, маъсулиятни ҳис этмаслик ажрим келиб чиқишига асосий сабаб деб қаралмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фуқароларни қабул қилиш, уларни оғзаки мурожаатларини ўрганиш, турли диний саволларга, жумладан, ибодат, ижтимоий-иқтисодий ҳамда кундалик муаммолар, уларнинг шаръий ечимлари, эр-хотинлар ўртасида келиб чиқадиган низо, талоқ ва келишмовчиликлар юзасидан суҳбатлар олиб боради. Фатво марказининг маълумотларига кўра, 2018-2023 йиллар мобайнида қилинган мурожаатларнинг тахминан 30-35%и талоқ масаласига оид ҳисобланади.
Абул Баракот Насафий ҳам “Талоқ” масаласини шарҳлашдан олдин унинг Аллоҳ ҳалол қилган ва энг ёмон кўрган амал экани ҳақидаги ҳадис билан бошлаган.
Инсон оилавий ҳаёти мобайнида турли ҳолатларни бошдан ўтказиб, никоҳ риштасини умуман боғлаб қолишга чора қолмаган тақдирда талоққа рухсат берилган. Бу ҳуқуқ табиатан оғир-босиқ, иродали, ақл билан иш юритадиган эркаклар зиммасига юклатилган. Бу маъсулиятни ҳис этган ҳолда эркаклар талоқ лафзини беҳуда ишлатмай, оилани асраб қолиш учун муроса қилишлари, турмуш давомида аёл томонидан юзага келадиган баъзи қусур ва камчиликларга сабр қилишлари керак. Аёллар ҳам эрларига итоат қилиб, уларга қарши бош кўтармасликлари лозим. Акс ҳолда, бунинг натижаси оиланинг барбод бўлишига олиб келади.
Юқоридаги рақамларнинг ортмаслиги учун оиланинг барча аъзолари бирдек масъул. Оила муқаддаслигини асраш, миллат ва келажакнинг давомчилари бўлган фарзандларни соғлом ва гўзал муҳитда тарбиялаб, вояга етказишда эру хотин биргаликда ҳаракат қилишлари керак. Бу ҳаракат асосида улар диний аҳкомларимизга риоя қилишлари, мажбуриятларини адо этишлари, нафрат ва ажримларга сабаб бўладиган муаммолардан сақланишга ҳаракат қилишлари лозим.
Шундай қилиб, Абул Баракот Насафийнинг “ал-Мустасфо” асарида никоҳ ва талоққа оид масалалар атрофлича ёритилиб, унинг шартлари ва ҳукмлари баён этилган. Никоҳ ҳукмларига риоя қилиш, таъминот масаласига этиборли бўлиш, оилада ажримларнинг олдини олиш ва тинч-осуда оилавий муносабатларни шакллантириш билан бир қаторда, кундалик ҳаётимизда учраши мумкин бўлган низо ва келишмовчиликларнинг олдини олиниши айтиб ўтилган.
Абдурахманова Наргиза Тахировна,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик
академияси тадқиқотчиси

