ZIYO RADIOSI
Rasmiy diniy-marifiy Internet manzili
“ЗИЁ” МЕДИА-МАРКАЗИНИНГ БАЁНОТИ

“ЗИЁ” МЕДИА-МАРКАЗИНИНГ БАЁНОТИ

Тезкор коммуникация воситаси сифатида кашф қилинган ижтимоий тармоқлар одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш баробида, афсуски, айрим ғаразли кимсаларнинг нопок мақсадларини амалга  оширишда ўзига хос қурол ҳам бўлиб қолаётгани ачинарлидир.

Куни кеча фейсбук ижтимоий тармоғида “Ислом Азизов” номли фойдаланувчи Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа-маркази фаолиятига доир матнли ва видео тасвирли иддаоларини эълон қилибди. Ушбу матн ва видео академия ва медиа-марказга шахсий адовати бўлган ғаразли кучлар таъсиридаги “ижодкорлар” томонидан махсус  тайёрлангани кундай равшан.

Бунга жавобан шуни  расман маълум қиламизки, бугунги кунда “Зиё” медиа-маркази фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 январдаги 25-сон қарорига мувофиқ йўлга қўйилган.  

Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида “Зиё” медиа-маркази фаолиятини кучайтириш ва кенгайтириш учун унинг барча ходимлари ва ушбу марказда ишлаш истагини билдирган мутахассислар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилиб, улар орасидан энг муносиблари ишга қабул қилинган.

Академия ва “Зиё” медиа-марказига умуман алоқаси бўлмаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси – Ислом Азизов эса буюртмачиларнинг буюртмасини бажариш орқали билиб-билмай фитнага қўл урди. Аслида академия ва “Зиё” медиа-маркази имиджини бузишга қаратилган хатти-ҳаракатлар вақти-вақти билан уюштириб турилиши ҳам бор ҳақиқат. Жумладан, “Зиё”нинг аттестациядан ўтолмаган, ижодий ишга лаёқати бўлмагани оқибатида жойини бўшатиб берган шахснинг собиқ  ҳамкасбларига таъсир ўтказиб, медиа-марказ учун муҳим палла – бу йилги Рамазон ойи олдидан уларни иш ташлашга тарғиб қилгани душманлик ва шахсий адоватнинг аниқ намунасидир. Бу ҳам бир фитна бўлганди.  Шунга қарамай, бугунги кунда қизғин фаолият олиб бораётган “Зиё”нинг ҳақиқий ижодкорлари Рамазон ойи давомида халқимизга 15 та оригинал кўрсатув тақдим этиб, мухлислари кўнглидан жой олди. Умуман олганда эса, марказ ходимлари сўнгги уч-тўрт ой давомида 50 дан ортиқ кўрсатув ва 100 дан ортиқ радиоэшиттиришларни эфирга узатди. Теле ва радиомаҳсулотлар халққа манзур бўлаётганини мутахассислар, олимлар, айниқса оддий одамлар эътибори ва эътирофидан ҳам билса бўлади.

Сир эмаски, ўзининг чиркин мақсадларини турли усуллар билан яширишга уринаётган ана шундай ғараз ниятли қора кучлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тош отишдан ҳеч қачон тўхтамайди. Шуниси аниқки, бунақа фитна-фасодлар Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа-марказини давлатимиз раҳбарияти томонидан қўйилган вазифаларни бажаришдаги йўлидан қайтара олмайди. Биз ислоҳотларни, келажагимизни кўра олмаётган жаҳолатдаги кимсаларга қарши маърифат йўли билан курашишни давом эттираверамиз.

 

“Зиё” медиа-маркази жамоаси

 

 

 

 

2
24.07.2019