ЗИЁ РАДИОСИ
Расмий диний-марифий Интернет манзили
Ҳарам масжиди гиламлари қандай тозаланади?

Маккаи мукаррама шаҳридаги Масжидул Ҳаромда тўшалган гиламлар қандай тозаланиши ҳақида биласизми? Ушбу мақолада мана шу жуда аҳамиятли жараён ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Ҳарам масжидида унинг бутун ҳудудини қоплайдиган 30000 яшил гилам тўшалган. Агар бу гиламларнинг барчаси бир ерга йиғиладиган бўлса, уларнинг умумий узунлиги деярли 100 километрни ташкил этади. Икки муқаддас масжид ходими Қирол Салмон гиламларга алоҳида аҳамият қаратади. Ҳожилар ўз ибодатларини ёқимли шароитда амалга оширишлари учун гиламлар гул ифорини таратиб туриши лозим. Масжиддаги гиламларни тозалаш ишлари билан махсус бўлим шуғулланади. Ҳар куни 200 та гилам химик тозалашга топширилади. Бўлим ходимлари уларни саралаб, бир неча босқичли тозалаш ишларини бошлашади.

Биринчи босқичда гиламлар учун мўлжалланган юқори технологияли кенг қамровли тозалаш машиналари ёрдамида чанг ва кирлар кетказилади. Сўнгра гиламлар тозаловчи ва дезинфекцияловчи воситалар ёрдамида яхшилаб ювилади. Шундан кейин гиламлар намликни сиқувчи центрифугага солинади, бу мослама одатдаги кир ювиш машиналарининг барабанига ўхшайди, бироқ ҳажми каттароқ. Сувни сиқиш жараёни 1,5 дақиқа давом этади. Сўнгра гиламлар тўлиқ қуритиш учун қуёшга олиб чиқилади. Ҳаво ҳароратига қараб бир ёки икки кун давомида қуёш тагида қолдирилади. Сўнгги босқичда гиламлар чангютгич ва супургилар ёрдамида яна қайтадан чанглардан яхшилаб тозаланади. Шундан кейин, ниҳоят гиламларга атиргул ифори сепилади. Шу билан тозалаш ва дезинфекциялаш жараёнлари ниҳоясига етади.

Аллоҳ таоло барчамизга ана шу ерларда ҳаж ибодатларини амалга оширишни насиб этсин!

 

Хуршида Абдуллаева тайёрлади      

  

1367
09.01.2018