ЗИЁ РАДИОСИ
Расмий диний-марифий Интернет манзили
Афғон қизлари робот ясашда яна етакчи бўлди

Афғонистонлик қизлар гуруҳи роботтехника бўйича Европадаги энг йирик Robotex фестивалида биринчиликни қўлга киритишди. Ушбу фестивал ноябр ойи охирида Эстония пойтахти Таллин шаҳрида ўтказилган эди.

Аввалроқ ушбу афғонистонлик қизлар Вашингтонда ўтказилган конкурсда кумуш соврин соҳиби бўлишганди. Ҳиротдан бўлган 14-17 ёшлар оралиғидаги бу қизлар ўтган йили ёзда уларга Америка визасини беришдан бош тортилган пайтда бутун дунё ҳамжамияти эътиборига тушган эдилар.

Таллинда бўлиб ўтган мусобақада гуруҳнинг 12 аъзосидан 3 нафари иштирок этди. Уларнинг вазифаси реал топшириқларни бажара оладиган робот прототипни намойиш этишдан иборат бўлди. Қуёш батареясида ишлайдиган фермерларга кўмак берувчи робот уларга ғалаба келтирди ва бу кўплаб харидорларнинг эътиборини тортди.

Афғонистондаги аёлларнинг имкониятларини янада кенгайтириш бўйича ташкилот етакчиси Рўя Маҳбуб қизларнинг Эстониядаги мазкур ғалабасидан қувонган ҳолда, бу гуруҳ билан фахрланишини, улар техник билимларни эгаллаб, ўз ватанларини дунёга танитувчи афғон аёлларининг янги авлоди эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

Хуршида Абдуллаева тайёрлади    

 

 

 

1268
04.01.2018