ЗИЁ РАДИОСИ
Расмий диний-марифий Интернет манзили
“Сийрат мусобақаси” ҳақида батафсил

 Мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар албатта биз ёшлар учун берилаётган имкониятларнинг дебочасидир.

Бу чора-тадбирларнинг барчаси билимимиз, салоҳиятимиз, иқтидоримизнинг ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Турли илм даргоҳларида ўтказилаётган семинар, анжуман, тадбирлар маънавий юксак, баркамол бўлиб вояга етишимиз учун мустаҳкам пойдевордир.

   Шундай тадбирлардан бири Тошкент Ислом университетида 20-декабрь куни ўтказилди. Бу “Сийрат мусобақаси” бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт йўллари, оилалари, инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабат, динлараро бағрикенглик, қолаверса, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг турли касалликларда берган кўрсатма ва табобатларига бағишланган фикрлари, ҳижратлари, элчилик муносабатлари, дунё олимларининг Муҳаммад пайғамбаримиз ҳақидаги фикр мулоҳазалари ҳақидаги билимлар синовдан ўтиши учун имконият бўлди десак муболаға бўлмайди. Мусобақада Тошкент ислом университетининг “Диншунослик”, “Тарих”, “Психология” йўналишларидан жамланган 6 та гуруҳ 4 шарт асосида  ўзаро беллашдилар.

Мусобақа шартларини тарих фанлари доктори, профессор А.Ҳасанов, “Манбалар хазинаси” мудири ўринбосари Б.Аҳмедов, “Ислом сивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси мудири Д.Махсудов, “Тарих” кафедраси мудири Н.Насруллаев, Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ходими А.Муротов ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида мусобақа жараёнини баҳолаб бердилар.

 1-шартда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти, фаолиятига бағишланган, талабалар томонидан тақдим этилган  деворий газеталар кўриб чиқилди ва баҳоланди.

Деворий газеталарда пайғамбарлар шажараси, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг хижратлари, Макканинг фатҳ этилиши, Уҳуд жанги, Ҳандақ ғазоти, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг яшаган турар жойларига оид  тасвирлар ва улар ҳақида сўзлаб берилган маълумотлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Йиғилган баҳолар ҳисоблангунига қадар томошабинларга ҳам пайғамбаримиз тарихига оид саволлар билан мурожаат этилди. Бунда пайғамбаримизнинг ота-оналари, муаззинлари, божалари, ёқтирган буюмлари ҳақида қизиқарли саволлар бериб ўтилди.

2-шартда турли савол-жавоблар ўтказилиб 10 та қисқа саволлар берилиб ислом тарихи ҳақидаги билимлари синовдан ўтказилди. Жумладан, намоз, азон, уруш харом қилинган ойлар, Пайғамларимиз (с.а.в.)нинг аммалари, холалари, амакилари тўғрисидаги саволлар берилди.

Жавоб натижалари эълон қилингунга қадар “Диншунослик”1-курс талабалари томонидан Пайғамбаримиз (с.а.в.)га бағишланган шеър намойиш этилди.

3-шарт “Бу ким” деб номланиб, ислом тарихига оид китобдан шахс номлари, саҳобалар тўғрисида саволлар берилди ва талабаларнинг олган билим ва кўникмалари баҳоланди.

Бу шарт баҳолангунча “Диншунослик” 1-курс талабаси Исматов Жаҳонгирдан мазмунли шеър тақдим этилди. Сўнгра яна томошабинларга саволлар берилиб, уларнинг ҳам билимлари текширилди. 

    4-шартга кўра тақдимот кўрсатиш вазифаси берилган бўлиб, бунда талабаларга пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳаётлари билан боғлиқ бўлган воқеаларни шарҳлаб бериш юклатилди. Бу шартни ҳам талабалар фаоллик билан амалга оширдилар. Тақдимотнинг мавзулари Муҳаммад алайҳиссаломнинг муамалотлари, улардаги диний бағрикенглик, мўъжизалари, табобатлари, элчилик муносабатлари,  турли олимларнинг жумладан, Гёте, Ламартин, Шебол, Толстой ва бошқаларнинг  пайғамбаримиз хақидаги фикр-мулоҳазалари намойиш этилди. 

Ниҳоят мусобақанинг сўнггида ҳакамлар томонидан фаол гуруҳ аниқланди. Ҳисоб-китоб натижаларига асосан, 1-ўринни “Тарих” йўналиши, 2-курс  талабалари эгалладилар.

2-ўрин “Диншунослик” йўналиши 2-курс талабаларига насиб этди.

3-ўринни “Тарих” йўналиши 1-курс талабалари қўлга киритди.

Ғолиб гуруҳлар университет томонидан эсдалик совғалари, китоблар билан тақдирландилар.

Иштирокчилар ва талабалар ислом тарихига оид маълумотларга  хамда билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлдилар.

Бу тадбир бизларга ислом тарихини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратини, бой маънавий меросимизни чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, турли янги ғоялар яратиш, салоҳиятимизни кенгайтиришимиз учун катта аҳамият касб этди.

 

Нигина Ботирова,

 Тошкент ислом университети талабаси

 

 

 

1477
21.12.2017