ЗИЁ РАДИОСИ
Расмий диний-марифий Интернет манзили
Савол ва Жавоблар
Сафар ойи ҳақида

 

Савол: Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойи. Одатда, бу ой якинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпаяди. Баъзилар сафар ойида сафарга чиқилмайди, тўй қилиб бўлмайди, деб ирим қилишади. Динимизда бу ҳақда нима дейилган?

 

Жавоб: Айримлар баъзи нарсаларда ирим қилишади. Ирим қилиш динимизда йўқ. Солиҳ (алайҳиссалом) қавмини тўғри йўлга чақирганларида, улар: «Эй Солиҳ, бизлар (бошимизга тушган қаҳатчиликни) сен ва сен билан бирга бўлганлардан деб шумландик», дейишди.

 

Солиҳ (алайҳиссалом): «Сизларнинг ишингиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Аксинча, сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз», деб огоҳлантирганлар (Намл, 47).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Уч нарсадан менинг умматим қутула олмайди. Булар ҳасад, ёмон гумон ва иримдир. Бу нарсалардан қутулишингиз учун, ҳасад  қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, унга ишониб ўша билан иш тутманг. Бирор иримга дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб йўлингизда ва ишингизда давом этинг!" деганлар. Яна бир ҳадисда: "Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг изнисиз таъсир этмайди", дейилган.

Кун ва ойлардан, йўлда мушук, ит каби баъзи ҳайвонларнинг учрашидан, қарға ёки бойўғлининг товушидан ҳамда баъзи рақамлардан ирим қилиб, муҳим ишларни ортга суриш инсонларга муносиб эмас. Ирим қилиш жоҳил кишиларнинг одати. Динимиз яхши, савобли ишларни асло кечиктирмасликка буюради.

 

 

                                                         Усмонхон Алимов 

Сўраган эдингиз...