ЗИЁ РАДИОСИ
Расмий диний-марифий Интернет манзили
Савол ва Жавоблар
Қаффол Шоший ҳақида

 

Савол: Қаффол Шоший ҳазратлари ҳақида маълумот берсангиз?

 

Жавоб: Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби “имом” даражасига эришган буюк алломалар қаторида Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил Қаффоли Шоший ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари томонидан “Ҳазрати Имом” деб улуғланган бу зот баъзи араб алоҳида ҳурмат билан номига “катта, улуғ” маъноларини ифодаловчи “Кабир” сўзи қўшиб ёзилган. Аллома моҳир ҳунарманд ҳам бўлиб, ҳаллоллиги, тўғрисўзлиги ҳунармандлар орасида танилгани боис “Қаффол”, яъни қулфчи номи билан ҳурмат қозонган ва бу у зотнинг тахаллусига айланган. Аллома (ҳижрий 291) 904 йилда қадимги Шош (Республикамиз пойтахтии Тошкент)да туғилган.

Муҳаддис, фақиҳ, адиб, шоир ва тилшунос аллома бир қатор китоблар, жумладан, “Китоб фи усул ал-фиқҳ” (фиқҳ усуллари китоби), “Шарҳ ар-рисола” (Рисола шарҳи), “Ал-Жадал ал –ҳасан” (Диалектика гўзаллиги), “Жавомиъ ал-калим” (Ҳикматли иборалар тўплами), “Адаб ал-қози” (Қозининг одоби), “Маҳосин аш-шариъа” (Шариат гўзалликлари), “Далойил ал-нубувват” (Пайғамбарлик далиллари), “Ат-талхис фил-фуруъ” (Фуруъдаги қисқартма) каби асарлар муаллифидир. Аллома ўзининг “Жавомил ал-калим” асарида 1200 та саҳиҳ ҳадисларнинг ровий ва иснодларини тўлиқ келтирган бўлса, “Маҳосин аш-шариъа” китобида Расуллуллоҳ (алайҳиссалом)нинг мўъжизаларини бадиий услубда жамлаган ҳамда 1000 дан ортиқ ҳадисларни кўрсатиб ўтган.

976 йилда вафот этган (ҳижрий 366 йил) аллома дафн этилган ерда Х аср меъморчилик услубида ихчам мақбара қурилади. Уни XIV-XV асрларда Амир Темур ҳазратлари қайта бунёд эттирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 20 февралдаги “Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори асосида мазкур мажмуа тўлиғича қайта таъмирланди ва ҳазрат Қаффол Шошийнинг мусулмон оламидаги қилган хизматлари асрлар ўтиб муносиб баҳоланди.

 

Усмонхон Алимов

“Сўраган эдингиз...”