ЗИЁ РАДИОСИ
Расмий диний-марифий Интернет манзили
Савол ва Жавоблар
Фирқалар ҳақида

 

Cавол: Маълумки, ҳозирги кунда турли йўналишлар, катта-кичик жамоалар мусулмонлик даъво қиладиганлар ва ўз йўлларини энг тўғри йўл эканини тасдиқлайдилар. Айтинг-ч, мусулмонлар нега бунча фирқаларга бўлиниб кетган ва умуман, Ислом тарихидаги илк бўлиниш қачон содир бўлган?

 

Жавоб: Ислом динида ҳам, бошқа динлардаги каби бўлинишлар, фирқаларга ажралишлар содир бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳлантириб айтганлар: Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингайлар. Улардан биттасигина нажот топиб, омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидирлар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу мўъжизавий башоратлари вафотларидан кейин тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан эҳтиёт  бўлишни васият қилганлар.

Ана шу зикр қилинган фирқалардан хорижийлар Ислом умматидан ажралиб чиққан илк фирқа бўлиб, уларнинг хуружи милодий еттинчи асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Ҳорижийлар Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)ни айблаб, ажралиб кетган ва кейинчалик ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)га қарши кураш бошлаган. Ана шу гуруҳ тарафдорлари “хорижийлар ” деб ном олган.

Хорижийлар фикрича, эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим. Эътиқод, гуноҳкор кишилаарни жазолаш масалаларида хорижийлар муржиъийларга қарши турган.

Кейинчалик хорижийлар бир неча майда гуруҳларга бўлиниб кетган. Уммавий ва  халифалар  VII-IX асрларда хорижийларга қарши кескин кураш олиб борди. Бунинг натижасида хорижийлар қириб ташланди, уларнинг қолганлари Шимолий Африка давлатини вужудга келтирди. Хорижийлар кўпгина қўзғолонларда (зинжийлар қўзғолонларда, Абу Муслим қўзғолони ва бошқ.) қатнашган. Ҳозир хорижийларнинг ибодийлар фирқаси Жазоир, Тунис, Уммон ва Танзанияда учрайди.

 

Усмонхон Алимов

“Сўраган эдингиз...”