УМУМИЙ КЎРСАТМАЛАР

Муҳтарам зиёратчилар!

  

 

Умра қилишни ният қилган ва қуйидаги амалларни бажаришга рози бўлган кишилар сафар ҳужжатларини расмийлаштирадилар.

  1. Умранинг ибодат эканини яхши биласиз. Аллоҳ буюрган ҳар бир ибодатнинг ўзига яраша амаллари бўлиб, уларни бизга Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз сўзлари, амаллари ва тақрирлари билан баён қилиб берганлар. Мусулмон киши ўша амалларни камайтириш ёки кўпайтириш ҳуқуқига эга эмас. Ҳадисда: «Ким ишимизда йўқ амални пайдо қилса, қабул бўлмайди», – дейилган.
  2. Мусулмон киши учун умра энг яхши маконда, энг яхши ҳолда адо этиладиган энг шарофатли ибодатлардандир. Унда иғво, гуноҳ ишлар ва тортишувлар йўқдир. Унда таҳлил, такбир, дуо, илтижо ва Аллоҳга итоат, қийинчиликларга бўйсуниш бор.
  3. Умра амаллари Аллоҳ ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амрлари доирасида бўлиши ва Аллоҳнинг тавҳиди ва шариатига хилоф бўлмаслиги керак.
  4. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган, у қай-тарган нарсалардан четда бўлмоқ зарур.
  5. Байтуллоҳга ким кирса, омонда бўлади. Яъни у ҳар бир қўрқувчи қалблар учун омонлик масканидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон у ерда омонлик қарор топиши учун ҳаракат қилмоғи вожиб. Ўз навбатида бошқа махлуқот ва жонзот ҳам Байтуллоҳ соясида омонда бўлиши керак. Демак, дарахтлар кесилмайди, қушлар ов қилинмайди, чўчитилмайди, умуман, жониворларга озор берилмайди.
  6. Офтоб уришидан сақланиш мақсадида
    доимо соябондан фойдаланинг.
  7. Бугунги кунда Яқин Шарқ ва Араб давлатларида бўлаётган турли сиёсий-диний жараёнларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:

– ёлғиз кўчага чиқиш;

– турли хил гуруҳлар ва намойишларга эргашиш;

– тарқатилаётган диск, китоб ва бошқа турдаги диний маҳсулотларни олиш;

– зиёратчиларнинг кунлик дастурига киритилмаган жойларга бориш (Ҳиро ғори, Жидда ёки Қизил денгизга бориш кабилар) ман этилади.

  1. Зиёратчи фавқулодда нохуш вазиятлар юзага келганда дарҳол гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва ишчи гуруҳ ходимларини огоҳлантириши лозим.
  2. Соғлиғингизга аҳамият беринг. Иссиқда юрманг. Офтоб уришидан сақланинг. Агар офтоб урганини сезсангиз, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг.
  3. Пулингизни йўқотиб ёки ўғирлатиб қўй­маслик учун тавоф, саъй каби тиқилинч жойларда пул олиб юрманг.
  4. Бировнинг тинчлигини бузиб, жонига, обрўсига ёки молига тажовуз қилманг. Бошқалар билан талашиб-тортишиб, жанжаллашиб, сў-кишиб юрманг. Ёлғон гапирманг, фужурга ча­қир­манг.
  5. Қаерда бўлса ҳам жой ва кийимингиз пок бўлсин. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни шунга буюрган: «Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, (намозда)тикка турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар (яъни ҳожилар ва намозхонлар учун) тозалаб қўйгин» («Ҳаж» сураси, 26-оят).

Эҳром пайтида ғусл қилиш суннат амаллардандир. Бу ғусл зиёратчилар сиздан озор топмаслиги учун озодалик ниятида бажарилади. Чунки ислом мусулмон кишининг кийими, бадани ва маскани пок бўлишига буюради.

  1. Умра пайтида Аллоҳга тоат-ибодат эта туриб, унга дунёвий ишларни аралаштиришингиз тўғри келмайди. Зеро, ислом манбаларида «Аллоҳга ихлос билан ибодат қил», дейилади.
  2. Ҳажарул асвадга[1] етишаман, деб ўзин-гизни тиқилинчга урманг.

Унга яқинлашишнинг иложи бўлмаса, узоқ-дан туриб, ишора қилиб, такбир айтса ҳам бўла-веради.

  1. Каттага ҳам, кичикка ҳам, аёл ва заифга ҳам меҳрибон бўлинг.

Бошқаларни қўл ёки оёқ билан туртиб ёки суриб юборманг.

  1. Ҳеч қандай китоб, сурат ёки бошқа адабиёт, буклет каби нашр маҳсулотларини тавоф ва саъй вақтида олиб юрмасликни тавсия қиламиз.
  2. Ҳар қандай касалга чалинганда дарҳол шифокор ёки гуруҳ раҳбарига мурожаат қилинг.
  3. Беҳуда юмушлар билан банд бўлмаслик зарур. Нима учун келганингизни унутманг.
  4. Ишчи гуруҳ томонидан тақдим қилинган кўкрак нишонини йўқотманг. Ўзингиз тушган меҳмонхонанинг манзили, телефон рақами, Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонасининг телефон рақамларини ўзингиз билан олиб юринг.
  5. Ўзингиздаги расмий қоғоз ва пулларни ишчи гуруҳ хизмат хонасида сақланг. Керагидан ортиқ пулни ўзингиз билан олиб юрманг, нарсаларингизни эҳтиёт қилинг. Ўғирлик ва шунга ўхшаш ишларга дучор бўлсангиз, дарҳол ишчи гуруҳ аъзоларига мурожаат қилинг, улар керакли чора кўришади.
  6. Қайси юртга келсангиз ҳам ўша ернинг қонун ва қоидаларини билишга ҳаракат қилинг. Барча давлатлардаги низомга биноан, ким бир мамлакатга борса, ўша давлатдаги қонун ва низомларга риоя қилиши лозим.

Сафарингиз ва бу юртга келишингиз ҳеч қа­чон тўсиққа учрамаслиги учун бу ерга олиб ке­ли­ниши ман қилинган нарсаларни эслатиб ўтамиз:

– қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар шахсий эҳтиёж учун ҳам, тижорат учун ҳам мумкин эмас;

– ҳар қандай миқдор ва турдаги маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддалар;

– ахлоқсиз фильм ва суратлар;

– сиёсат ва ташвиқот соҳасидаги китоб ва нашрлар;

– ислом ақидасига зид китоблар.

Ташриф буюрадиган жойларингиз муқад-даслиги ва шарафини чин қалбдан ҳис қилинг. Умрангиз қабул бўлишини тилаб, баъзи кўрсат-маларни тақдим этамиз:

Ўтган йилларнинг тажрибасидан келиб чиқ­қан ҳолда, зиёратчилар эллик кишилик гуруҳ­ларга бўлиниб, гуруҳ раҳбарининг бошчилиги­да самолётга чиқиб, Жидда шаҳри томон парвоз қиладилар.

Ҳар бир зиёратчи сафар давомида гуруҳидан ажралмаслиги, гуруҳ раҳбари барча кўрсатма­ларини сўзсиз бажариши умра ибодатининг мукаммал ўтишига омил бўлади.

Зиёратчилар Жидда аэропортига етиб келганларидан сўнг гуруҳ раҳбари бошчилигида чегара ва божхона кўригидан ўтадилар. Ушбу расмиятчиликлар адо этилгач, паспортларини гуруҳ раҳбарига топшириб, ўзлари учун ажратилган автобусларда Мадинаи мунаввара томон йўл оладилар. Зиёратчилар Мадинаи мунавварага етиб боргач, гуруҳ раҳбарларининг кўрсатмаларига биноан меҳмонхонага жойлашадилар. Эркак ва аёллар алоҳида қаватларга жойлашадилар.

Автобусдан узоқ кетмай, юкларингизни текширинг ва ётоқхонага олиб киринг. Юкни ўз хонангизга қўйиб, ҳаммаси ўз жойида эканига ишонч ҳосил қилинг.

Подшоҳликдаги низом ҳамда тузилган битим шартларига кўра, меҳмонхоналарда зиёратчилар учун қуйидаги шароитлар яратилади:

– ҳар бир зиёратчига алоҳида тўшак, ёстиқ ва ёпинадиган нарса берилади;

– ошхона ва ҳар бир қаватда совутгичлар ўрнатилади;

– ҳар бир хонада ҳаво совутгичи ёки парраги бўлади.

Меҳмонхонага жойлашганингиздан сўнг гуруҳ раҳбари бошчилигида ташкилий равишда Масжиди Набавий зиёратига борилади.

 

 

[1]Ҳажарул асвад – мусулмонлар зиёрат қиладиган қора тош. У Каъба деворларидан бирига ташқаридан жойлаштирилган. Ҳаж ва Умрага борган мусулмонлар уни ўпиб ёкиқўл теккизиб, зиёрат қилишади.