УМРА

 

  

 

«Умра» сўзи зиёрат маъносини англатади. Ислом шариатида эса Байтуллоҳнинг махсус зиёратига умра, дейилади.

Қуръони каримда:

وأتمواالحجوالعمرةلله

«Ва атиммул ҳажжа вал умрата лиллаҳ» – «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!» – деган оят бор. («Бақара» сураси, 196-оят).

Расулуллоҳ (с.а.в.):

الحجمكتوبوالعمرةتطوع

«Алҳажжу мактубун вал ъумроту та­таввуъ» «Ҳаж фарз қилинган, умра нафлдир», деганлар.

Ривоятларга қараганда, Каъбатуллоҳнинг биринчи биноси отамиз Одам алайҳиссалом даврида қурилган. Нуҳ тўфонидан сўнг Каъбани Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан қайтадан бино этганлар.

   

Байтуллоҳнинг қурилиши битгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришни буюради. У зот чақирдилар, чақириққа «Лаббай», деб жавоб берганлар ҳажга келдилар.

Байтуллоҳни тавоф этиш ўшандан бери давом этиб келмоқда. Фақат Иброҳим алайҳиссаломдан кейин вақт ўтиши билан бу ибодатга жуда кўп бидъат ва хурофотлар аралашиб кетди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом даврларига келиб, Каъбатуллоҳ ичида 360 та бут ва санам бор эди.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўспиринлик даврларида Қурайш қабилаcи Каъбани қайта таъмирлаган. Бу ишларда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам фаол иштирок этганлар ва ўз қўллари билан қора тош (Ҳажарул асвад)ни Каъбанинг пойдеворига қўйганлар.

Ислом дини Аллоҳга номақбул амалларни йўқотиб, ҳақиқий ибодатни йўлга қўйди.

 

Умра амаллари қуйидагилардан иборат:

  1. Эҳромга ният билан кириш.
  2. Каъбани тавоф қилиш.
  3. Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш.
  4. Сочни олдириш ёки қисқартириш.

Эҳром арабча сўз бўлиб, луғатда «ҳаром қилмоқ» маъносини англатади. Чунки эҳромга кирган одам ўзига эҳромдан олдин ҳалол бўлган баъзи нарсалар ва ҳолатларни ҳаром қилган бўлади. Масалан, бошқа вақтларда ўзига хушбўй нарсаларни сепиш ҳалол эди, эҳромга киргач, бу нарса ҳаром бўлиб қолади.