ТАВОФ

  

 

Тавофда Ҳажарул асваднинг қаршиси­дан ўтаётганда қўл кўтарилиб, такбир айтилади. Сўнг, тавофни бошлаш учун иложи бўлган тақдирдагина Ҳажарул асвад ўпилади, уни ўпиш суннат. Ҳажарул асвадни ўпаман, деб издиҳомга кириб, уриниб, ҳориб-чарчаб,
бошқаларга озор бериш жоиз эмас. Мусулмонларга озор бермаслик вожиб амаллардандир. Шунинг учун вожибга амал қилиб, ҳеч кимга озор бермасдан, тошга узоқдан қўллари билан ишора қилган ҳолда такбир айтиб ўтиб кетишлари мақсадга мувофиқдир.

Албатта, бу иш тавофни ният қилган ҳолда бажарилади.

Тавофни бошлашда ўнг елка очилади, бунда ридо ўнг қўлтиқдан ўтказилади. Мана шу ҳолатда дастлабки уч айланишни бажариш лозим. Ке­йинги тўрт айланишда ўнг елка очиқ тутилмайди. Тавоф Ҳажарул асвад рўпарасидаги яшил чироқдан бошланади. Чап елка Байтуллоҳга қаратилиб, қисқа ва шахдам қадамлар билан юриш бошланади (бундай юриш «рамл» дейилади). Дастлабки уч айланишда рамл қилинади. Аёллар одатдагидек юрадилар. Ҳатим (Каъбаи Муаззама ёнида пойдеворга ўхшатиб кўтариб қўйилган жой)ни қўшиб айланиш вожиб. Ким орадан ўтиб, Ҳатимни қўшмай айланса, тавоф ўрнига ўтмайди. Шундай қилиб, Ҳажарул асваддан бошлаб тавоф қилиб, билган дуоларни ўқиб, рукнул Ямоний ҳам истилом қилинади ёки унга қўл билан ишора қилиб, ўтилади. Тавоф пайтида ўқиладиган махсус дуо ривоят қилинмаган, ҳар ким билганича дуо қилиб, Аллоҳга илтижо этса яхши бўлади. Рукнул Ямоний билан Ҳажарул асваднинг ўртасида:

ربناآتنافيالدنياحسنةوفيالآخرةحسنة

وقناعذابالنار

Яъни: «Роббана атина фид дуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қина азабан нор» дуосини ўқиш тавсия этилади.

Ҳажарул асвадга етилганда бир тавоф ҳисоб-ланади. Яна «Аллоҳу акбар», деб Ҳажарул асваддан ўтиб тавоф давом эттирилади. Шу тариқа етти марта тавоф қилиш лозим. Тавоф тугагандан кейин Мақоми Иброҳимда, белгили жой ёки унга яқин бирор ерда икки ракъат намоз ўқилади. Биринчи ракъатда «Фотиҳа» сурасидан кейин «Кофирун», иккинчи ракъатда «Ихлос» сураларини ўқиш тавсия этилган. Cўнгра Аллоҳга илтижо қилиб, хоҳлаганича дуолар қилинади. Кейин замзам сувидан тўйиб ичилади, қиблага қараб дуолар қилинади. Замзамдан тўйиб ичиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ (с.а.в.):

زمزملماشربله

«Замзаму лима шуриба лаҳ» – «Замзам нима ниятда ичилса, шунга», деганлар.

Яна бир ҳадисда:

إنهطعامطعموشفاءسقم

«Иннаҳу таому туъмин ва шифа’у суқмин» – «Албатта, у (замзам суви) очга таом, касалга шифодир», дейилади.

Хуллас, у нима ниятда ичилса, ўша ниятга иншааллоҳ, эришилади. Ундан кейин Сафо тепалигига чиқилади. Байтуллоҳга юзланиб такбир ва таҳлил айтилади. Расулуллоҳга салавот ва дурудлар айтилади. Икки қўл кўтарилиб, ҳожатлар Аллоҳдан сўралиб, дуолар қилинади ва Марва тепалигига қараб юрилади. Юришни:

إنالصفاوالمروةمنشعائراللهفمنحجالبيتأواعتمرفلاجناحعليهأنيطوفبهماومنتطوعخيرا

فإناللهشاكرعليم

«Иннас Софа вал Марвата мин шаъа’ириллаҳ, фаман ҳажжал байта ав ъитамара фала жунаҳа ъалайҳи ай яттоввафа биҳима ва ман татовваъа хойран фаинналлоҳа шакирун ъалийм» – «Албатта, Сафо ва Марва (тепаликлари) Аллоҳнинг шиорларидандир. Бас, ким Ҳаж
ёки Умра қилганида у иккисини тавоф этса, унга гуноҳ йўқдир. Ўз ихтиёри билан бирон хайрли иш
(нафл Ҳаж ёки Умра) қилса, албатта, Аллоҳ шукрни қабул этувчи, доно зотдир», ояти каримасини ўқиб бошлаш тавсия қилинган («Бақара» сураси, 158-оят).

Икки яшил чироқ ўрта­сидаги масофада лўкиллаб илдам юрилади ва бу ҳудуддан чиққанда эса яна оддий юрилади. Аёллар бу масофада ҳам оддий юрадилар. Марва тепалигига етиб борилгач, юқорироққа чиқиб дуо­лар қилинади. Бир томонга бориш бир саъй ҳисобланади. Ундан кейин, Сафога қараб юрилади. Сафо тепалигига етиб келганда икки саъй бўлади. Шу тарзда етти марта саъй қилинади. Саъй вақтида дуолар қилинади. Ривоятларга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу дуони ўқиган эканлар:

لاإلهإلااللهوحدهلاشريكله،لهالملكولهالحمديحيىويميت،بيدهالخيروهوعلىكلشيءقدير

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд. Юҳйи ва юмийт. Биядиҳил хойру ва ҳува ъала кулли шайин қодийр» – «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У ягонадир, Унинг шериги йўқ. Мулк уникидир ва ҳамд унгадир. У тирилтиради ва ўлдиради. Хайр унинг қўлидадир ва У ҳамма нарсага қодир зотдир».

لاإلهإلاالله،ولانعبدالااياه،مخلصينلهالدينولوكرهالكافرون. لاإلهإلااللهوحدهأنجزوعده،ونصرعبده،وهزمالأحزابوحده

«Ла илаҳа иллаллоҳ. Вала наъбуду илла ийяҳу мухлисина лаҳуд дина валав кариҳал кафирун. Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ. Анжаза ваъдаҳу ва насаро ъабдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳ» – «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Кофирлар ёқтирмасаларда, Унинг (Аллоҳнинг) динига холис бўлган ҳолда фақат унгагина ибодат қиламиз. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир. У ваъдасига вафо қилди, бандасига ёрдам берди ва Унинг ўзи гуруҳларни мағлуб этди».

Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиб юрганларида:

رباغفروارحمأنتالأعزالأكرم

«Роббиғфир варҳам антал аъаззул акром» – «Раббим, мағфират қил ва раҳм эт. Сен энг қудратли ва марҳаматлисан», деган дуони кўп ўқиганлари ривоят қилинган.

Сафо ва Марва орасида саъй қилиб юрган инсон чақалоқ Исмоилни қумга ётқизиб қўйиб, Аллоҳдан нажот излаб, зир югурган Биби Ҳожарнинг ҳолларини эслайди.

Соч олдириш ёки қисқартириш. Саъй Марвада тугайди. Шу ерда илтижо этиб, дуолар қилинади. Саъй амали охирига етказилгач, эркаклар сочларини олдирадилар (ёки қисқартирадилар), аёлларга эса, сочларининг учидан озгина қирқиб ташлашлари кифоя қилади ва улар эҳромдан чиқадилар.

Умрани адо этганингиздан сўнг гуруҳ раҳбари ўз жойингизга олиб келади.

Кийимларингизни алмаштириб, дам олишингиз мумкин.

Турар жойингиз ва ўз хонангизда туринг.