ЭҲРОМГА КИРИШ ТАРТИБИ

  

Аёлларнинг эҳроми уларнинг сидирға (гулсиз мато) кийими бўлади.

Эҳромга кирмоқчи бўлган эркак киши сочи, тирноғи, мўйлаби ва олиши лозим ҳаром тук-ларини олиб, сўнгра ғусл қилади. Кейин икки парча оқ, янги ёки ювилган матонинг бирини киндигидан то тиззасини тўлиқ тўсадиган қилиб белига тугади. Буни «изор» дейилади. Иккинчиси елкаси аралаш айлантириб ўралади. Буни «ридо» дейилади. Сўнгра икки ракъат намоз ўқийди. Биринчи ракъатда «Фотиҳа» сурасидан кейин «Кофирун» сурасини, иккинчи ракъатда эса «Ихлос» сурасини ўқийди. Шундан сўнг ният қилади:

اللهمإنيأريدالعمرةفيسرهاليوتقبلهامني

«Аллоҳумма инний урийдул ъумрата, файассирҳа лий ва тақоббалҳа минний», яъни «Аллоҳ, мен умрани ният қилдим, уни менга осон қил ва қабул эт», дейди ва талбия айтишни бошлайди:

لبيكاللهملبيكلبيكلاشريكلكلبيكإنالحمدوالنعمةلكوالملكلاشريكلك

«Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ван неъмата лака вал-мулк, ла шарийка лак».

«Лаббай сенга ё Аллоҳ, лаббай. Лаббай Сенга, Сенинг шеригинг йўқ, лаббай Сенга. Албатта, мақтов, неъмат ва подшоҳлик Сенга хос. Сенинг шеригинг йўқ».

«Лаббайка» айтиш билан зиёратчи эҳромга кирган ҳисобланади, ўша лаҳзадан эътиборан унга эҳром ҳукмлари жорий бўлади. Масалан, эркаклар учун тикилган кийим кийилмайди, бош ёпилмайди. Хушбўй нарса сепилмайди, суртилмайди ва ёнида олиб юрилмайди. Жинсий алоқа ва унга тегишли иш ва гап-сўзлардан сақланиш шарт ва ҳ.к. Намоздан кейин, одамларни учратганда, тепаликка чиққанда ва ундан тушганда, саҳарда уйқудан уйғонганда «Лаббайка» айтиб турилади.

Муҳтарам зиёратчилар, автобусдан узоқ-лашмай юкларингизни текширинг ва ётоқхонага олиб киринг.

Меҳмонхонага жойлашиб, юкларингизни жойлаштиргандан сўнг, қуйидаги амалларни бажариш лозим:

– таҳорат қилинг ва эҳромингиз пок эканлигига ишонч ҳосил қилинг;

– агар эҳромингизни ювишга ва алмаштиришга эҳтиёж туғилган бўлса, ювишингиз ва алмаштиришингиз мумкин бўлади.

– умрани адо этишга тайёрланинг.

Сизни умрани адо этишга, тавоф, саъй, соч олдириш, эҳромдан чиқиш ва бошқа ишларни қилишга гуруҳ раҳбари олиб боради, гуруҳ билан бирга бўлишга, раҳбарингиздан узоқлашмасликка ҳаракат қилинг, акс ҳолда адашиб қоласиз.

Ҳарамга кетаётиб, йўқотиб қўйишингиз мумкинлиги учун ўзингиз билан катта миқдорда пул олиб юрманг.