OTА TАRBIYaSIDА HIKMАT KOʼP

OTА TАRBIYaSIDА HIKMАT KOʼP

Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқ ва илм ўргатиш нафл ибодатдан афзал ва савоблироқ. Яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари ота-онасининг қабрини пур нур, руҳи покларини шод ва масрур қилади.

Баҳриддин Умаров

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
«Дин психологияси ва педагогика» кафедраси
профессори, психология фанлари доктори

Ота – оиланинг устуни, чинакам ва енгилмас қўрғони. Оила қўрғонининг пойдевори ота тарбияси билан мус­таҳкамланади. Бола тарбиясида онанинг ўрни беқиёслиги ҳаммамизга аён. Лекин тарбия жараёнида отанинг ўрни ҳам жуда муҳимлиги ҳаётда ва фанда аллақачон исботланиб, қайта-қайта эътироф этилган.

Тарбиядаги биргина камчилик келажакда тузалмас хатоларга айланиши мумкин. Бу оғир жароҳатдан кўпроқ ота­лар озор чекадилар. Чунки фарзанд тарбиясидаги ноқислик учун кўпроқ оталар жавобгар. Отанинг ўз фарзанди тарбиясига беэътиборлиги парваришсиз қолган ниҳолнинг келажакда мева бермай, қуриб қолиши кабидир. Зеро, оталар оила­нинг меҳнаткаш ва заҳматкаш боғбонлари, фарзандлар эса ота тарбиясидан баҳ­ра олиб, жамиятимиз боғларини бе­заб туришларини истаймиз. Шуни унутмай­ликки, бола тарбиясида отанинг масъулияти ҳеч қачон сустлашиши мумкин эмас.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, аёллар ва эркаклар дунёқараши бир-биридан тубдан фарқланар экан, ўғил бола тарбияси билан кўпроқ ота шуғуллангани маъқул. Чунки ўғил болалар, умуман фарзандлар тарбиясида отанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. 

Бугун аксарият ҳол­ларда қизлар билан боғлиқ тафсилотларга берилиб кетаяпмиз-у,  қалқонларимиз бўлмиш йигитлар ҳақида камроқ тўхталяпмиз. Шундан келиб чиқиб, қуйида ўғил бола тарбияси тўғрисида фикр юритмоқчимиз.

Эркак – уйнинг қўр­ғони, ҳар қандай яхши-­ёмон кунларда оиланинг балогардони ҳисобланади. Оилада  бирор муаммо бўлса, оила аъзолари  унга суянишади.  Шунинг учун ўғил бола тарбиясида отанинг ўрни беқиёс бўлиб, унинг зиммасига бир қанча масъулият юклайди. Гарчи чақалоқ она билан кўпроқ мулоқотда бўлса-да, уларнинг мақсадга мувофиқ муносабатини таъминлаб турувчи асосий вазифани оталар бажарадилар. Она дилбандига ғамхўрлик қилганидек, ота зиммасида фарзанди ва фарзандининг онасига ғамхўрлик қилиш масъулияти туради.

Инсонга ота-оналик масъулияти фарзанд туғилмасдан аввал тушади. Ўғил болада эркакка хос жиҳатлар ота тимсоли орқали шаклланиб боради. Ота фарзандининг гўдаклигиданоқ унинг ҳаётида ўз ўрнини топа билиши лозим. Зеро, бола ҳаётида энг дастлаб идрок этиладиган эркак киши – бу, унинг отасидир. Болалар табиатан жуда кузатувчан бўладилар. Кичкинтой ҳар қандай муносабатнинг нечоғли самимий ёки юзаки эканини тезда фаҳмлайди. Шунинг учун бола билан муносабатда сунъийлик, ясамалик, асабийлик ёки эътиборсизликка йўл қўймаган маъқул. Эътибор берилса, фарзанд бироз катта бўлгач, боғча ёшига кирганда отаси ёки онаси ишдан келиши билан уларнинг диққатини тортишга уринади. Албатта, у катталардан бирор-бир нарсани  болаларча эркалик билан сўрайди ёки арз қилади. Ишдан қанчалик чарчаб, асаби бузилиб келган бўлса-да, ота-она унинг бу хатти-ҳаракатларини ўринсиз хархашага йўймаслиги лозим. Биз кўпинча ўзимиз ҳам бола бўлганимизни унутиб қўямиз. Бу кичкинтойнинг ота-онасига бўлган ишончи ва меҳр-муҳаббати белгисидир. Шак-шубҳасиз, унинг бу илтимосларини адо этиш, гўдакнинг дунёни билиш, мулоқотга бўлган эҳтиёжини қондириш (бу энг муҳим эҳтиёжлар сирасига киради) энг аввало, ота-она зиммасидадир. Унинг тинимсиз ёғиладиган саволларига доимо жавоб беришга ҳаракат қилиш, лозим нарсаларни тушунтириш, севимли ўйинини бирга ўйнаш зарур. Шундагина фарзанднинг комил шахс сифатида шаклланиши, унинг характерида ижобий фазилатлар таркиб топишига эришиш мумкин. Акс ҳолда ота-бола умр бўйи бир-бирини кўрганда суҳбати қовушмай, бегонадай яшаб ўтавериши эҳтимол. Фақат истак билан фарзандимиз биз хоҳлаган инсонга айланиб қолмайди. Ўғил болани мард, жасур қилиб тарбиялаш учун унга нисбатан доимо қаттиққўл бўлиш керак эмас. Ўғил бола ҳам қиз бола сингари меҳр ва эътиборга муҳтож бўлади. Болага нисбатан ўта талабчан бўлиш ҳам тавсия этилмайди. «Сен ўғил боласан, қилишинг керак!» каби гаплар боланинг индивидуал-психологик хусусиятларидан келиб чиқиб, унда ўзига нисбатан ишончсизликни ривожлантириши мумкин. Ота-она боланинг  ақлий ва жисмоний машғулот турлари билан шуғулланишига эътибор қаратиши лозим. Бу унинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан баркамол шахс бўлиб ривожланишини таъминлайди.

Ота бош бўлган оилаларда тарбияланган болаларда отадан ижобий маънода ҳайиқиш, уни ҳурмат қилиш ҳисси шаклланган бўлади. Мана шу нарса уни «чизилган чизиқ»дан нарига ўтишидан, ҳаётимизда қабул қилинган турли ижтимоий меъёрларни бузишидан ва ўз навбатида турли ижтимоий санкцияларга дучор бўлишидан сақлаб туради.

Ота фарзандларни иқтисодий жи­ҳатдан таъминлаши, уларнинг мод­дий эҳтиёжларини қондириши мумкин. Аммо маънавий жиҳатдан тарбиялашга фақат онанинг ўзи ожизлик қилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, отанинг тарбияси, айниқса, ўғил бола учун муҳим. Пулга зориқмаслик ёки нуфузли таълим муассасаси талабаси бўлиш ҳам ота тарбиясининг ўрнини босолмайди. Турли ташвишлар билан овора бўлиб, болалари билан мунтазам мулоқотдан узилиб қолган оталарнинг фарзандлари тарбиясида муайян нуқсонлар пайдо бўлади. Бола ҳаётда тўғри мақсадни белгилай олмай тентираши, тўғри йўлдан тойиши мумкин. Баъзида боланинг назоратсизлик оқибатида уйидан кетиб қолиши ёхуд турли салбий таъсирлар домига тушиб қолиши ҳам кузатилади. Бу эса нафақат фарзанд, ота-она ёки оила, балки бутун жамият учун ҳам нохуш ҳолатдир.

 

Ҳаётда кўпинча она қиз бола учун, ота эса ўғил бола учун устоз, мураббийдир. Оилада ўғил бола тарбияси мураккаб ва узоқ давом этадиган ўзига хос жараён бўлиб, у фарзанд туғилмасидан анча олдин бошланиши лозим. Яъни бўлажак ота-онанинг саломатлиги, насл-­насаби, дунёқараши, ички ва ташқи дунёси, ахлоқ-одоби, турмуш қуришга маънавий ва жисмоний тайёрлиги келажак фарзанд тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Оилада ўғил бола тарбиясида оиланинг ҳар бир аъзоси, қўни-қўшни, маҳалла, таълим муассасаси, жамоатчилик бирдек масъулдир. Бу тизимда отанинг ўрни энг устувордир, десак ха­то бўлмайди. Чунки ўғил отадан атроф­дагиларга, табиат ва жамиятга нисбатан муносабат, юриш-туриш, муомалани ўрганади, ундан ўрнак олади. Ота фарзандига ақл-заковати, муомаласи, кийиниши, маданияти, қатъияти, меҳнатсеварлиги, рўзғор, хўжалик юритишдаги омилкорлиги, одиллиги, илмпарварлиги, оиласига содиқлиги, аёлига муҳаббати ва ҳоказо жиҳатлар билан намуна бўлмоғи зарур. Бола характерида у ёки бу салбий характер хусусиятлари шаклланишида ота-онанинг ўзаро жанжаллари, оилага, жамиятга, атроф-муҳитга нисбатан ноўрин муносабатлари, юриш-туриши, маънавияти, ахлоқи, уй-рўзғор тутумидаги пала-партишлиги, албатта, ўз таъсирини кўрсатади. Ота-онанинг бир-бирига нисбатан юксак ахлоқий муносабатини кўрган, намуна олган ўғил бола келгусида оила қурганда ўз турмуш ўртоғи билан яхши яшашга тайёр бўлиб боради.

Марказий Осиё халқларининг оиладаги шахслараро муносабатлар хусусидаги қарашлари, фикр-мулоҳазалари Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Насриддин Тусий, Амир Темур, Алишер Навоий сингари мутафаккирларнинг асарларида ўз аксини топган. Миллий психология тарихида, ҳудудимиздаги ижтимоий-психологик фикрлар тараққиётида ўтмиш мутафаккирларимизнинг маданий-маърифий қарашлари муҳим ўрин тутади. Ота-боболаримиз ўғил бола тарбиясига нисбатан қаттиқ талаб қўйганлар. Ҳунар ўргатувчи устозлар, мударрислар, оталар ўғил болалар характерида ҳақиқий йигитларга хос хислатларни таркиб топтиришга алоҳида эътибор қаратганлар.  Оналар эса фарзандларига оталарини ибрат қилиб тарбия бериб келганлар.

Шарқона оила тарбиясида ота ва ўғил орасидаги муносабат энг гўзал тарзда йўлга қўйилганлигини таъкидлаш жоиз. Масалан, ота дастурхон атрофида ўтирган бўлса, ўғилнинг отадан олдин дастурхонга қўл чўзмаслигининг ўзиёқ халқимизда отага нисбатан ҳурмат, эҳтиром ҳиссининг болалар онгига ёшликдан сингдириб борилишини кўрсатади. Ёки ота ва қиз муносабатини олайлик. Бунда ҳам ғарб, Европа оилаларида умуман учрамайдиган, шарқона одоб, андиша замирида шаклланган хулқ-атвор намуналарини (совчи келса, ота ўз фикрини қизига онаси орқали айтиши, қиз бола турмушга чиқаётганида ота оқ фотиҳа бериши ва ҳоказо) кузатишимиз мумкин. 

Хуллас, барча замон ва даврларда, синфий жамиятларда оилавий муносабатларнинг ижтимоий ва индивидуал, синфий-табақавий, миллий-этник хусу­си­ятларга, ўзига хос белгиларга эга жи­ҳат­лари мавжуд. Булар оилавий муноса­батларнинг психологик ва маънавий, иж­тимоий-иқтисодий, маданий-ахлоқий ху­сусиятларини белгилашга асос бўлади.

Ватан қўриқчиси, оиланинг устуни ҳисобланган мард эркакни ҳаётга тайёрлаш, уни ҳақиқий ўғлон қилиб вояга етказиш масъулиятини осон деб бўлмайди.

Ҳозирги ижтимоий воқелик нуқтаи назаридан келиб чиқилса, ўғил бола мактабгача даврда кам ҳолларда эркак киши билан мулоқотга киришади. Яъни, ота ишга кетади, ўғил бола она  билан бирга қолади. Боғчага борса, яна уни аёл тарбиячи тарбиялайди. Қадимда ўғил бола 6–7 ёшга тўлгунга қадар қаттиқ гап эшитиши, калтакланиши, шўхлик­ларининг чегараланиши қораланган. Бу тарбиявий удум ёш  болада шиддаткорлик, ҳаракатлар ёрдамида жисмоний чиниқиш, ҳақиқий йигитларга хос табиатнинг шаклланишини таъминлаш мақсадида вужудга келган. Энди боланинг боғчадаги ҳолатини тасаввур қилинг. Боғча опа аёллик инжиқликларидан холи, асаби мус­таҳкам бўлса-ку, боланинг бахти. Аммо бунинг акси ҳукм сурган муассасалар ҳам йўқ эмас. Ушбу ҳол болани журъатсиз, қўрқоқ қилиб қўймасмикан?

Бола мактаб ёшига етгач, уни кўпинча яна аёл муаллима қарши олади. Ўқитувчининг муомаласи, машғулотларда топиладиган мисоллар, сўзлаш услуби, тартибга чақириш йўллари — буларнинг ҳаммаси аёллик табиатидан келиб чиқиб амалга оширилади. Менинг фикримча, мактабгача, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида эркак мутахассис, ўқитувчиларининг камлиги ўғил болаларда феминлик (аёлларга хос) хусусиятларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. 

Ота-оналар фарзандлари ва айнан ўғил бола тарбиясига ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ёндашишлари лозим. Боланинг хатти-ҳаракатида озгина нохуш ҳолат, салбий ўзгариш сезилдими, дарҳол бунинг сабабини ўрганиш керак. Бундай ҳолатларда ота-она ва фарзанднинг мунтазам мулоқотда бўлиб туриши, керак бўлса малакали психологлар кўмагидан фойдаланиш яхши самара беради.

Ўғил боланинг маънавияти бузилишига кўп ҳолларда ота-онанинг  оилада бир-бирига ёмон муносабати сабаб бўлади. Баъзан таълим муассасаларида болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларга бефарқ қараймиз. Масалан, айниқса шаҳарларда ҳозир ҳар бир ўқувчининг қўлида уяли телефонни кўриш мумкин. Ота-она фарзандини назорат қилиш учун уяли телефон олиб беради. Бироқ болага хос хусусиятлардан келиб чиқсак, мактаб ўқувчилари телефоннинг асосий вазифаси қолиб кетиб, ундан бутунлай бошқа мақсадларда ҳам фойдаланишмоқдаки, бу барчамизни ҳушёр бўлишга ундайди. Менимча, ҳар бир ота-она фарзанди етарли даражада оқ-қорани танийдиган бўлгунча, унга оддий телефон олиб берса кифоя...

Баъзи ота-оналар боласига керагидан ортиқ пул берадилар, пулни нимага ишлатгани ҳақида умуман сўрамайдилар. Ҳозирги кунда кўпайган интернет клублари фаолияти тўғрисида кўп гапириляпти. Улардан фарзандларимиз ўз билим даражаларини оширишлари, турли фанларга доир янгиликлардан хабардор бўлишлари мақсадида тўғри фойдалансалар, буни фақат олқишлаш керак. Лекин кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, улар асосан турли компьютер ўйинлари ўйнаш ва жангари кинолар кўриш учун мазкур клубларга кирмоқдалар.

Шу боис болаларни ўз ҳолига ташлаб қўймай, уларнинг бўш вақтини фойдали машғулотлар билан тўлдириш керак. Айниқса, уларни спортга, санъатга жалб қилиш, бадиий адабиёт мутолаасига қизиқтириш катта фойда беради.

Булардан ташқари, айниқса, ўсмир ёшидаги болаларнинг ки­йиниш масаласига ҳам ота-она алоҳида эътибор бериши керак, деб ўйлайман. Кийимларнинг ижтимоий, маънавий, ахлоқий, тиббий мезон ва меъёрларга зид бўлмаслиги  мақсадга мувофиқдир.

 

Ўғил бола тарбиясида отанинг энг муҳим вазифаларидан яна бири – бу, уни оилага тайёрлаш масаласидир. Оила мустаҳкамлигига таъсир қиладиган омиллар бир талай бўлиб, уларни бир суҳбат доирасида тўла қамраб олиш анча мушкул. Айтайлик, бола таълим олиб, дурустгина касб эгаси, яхши мутахассис бўлиши мумкин. Лекин бу унинг мустақил оила тебратишни бемалол уддалай олади, дегани эмас. Фарзанднинг ҳақиқий оила бошқаришга қодир ёки қодир эмаслиги у оила қуриб, маълум вақт ўтгандан сўнггина билинади. Оилани мустақил бошқара олмаётган, уни моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ таъминлай олмаётган йигит бу юкдан тезроқ воз кечиш, масъулиятдан қутулиш пайига тушади. Айни ҳолларда у энг номақбул қарор – ажралишни ихтиёр қилиши мумкин. Ана шунинг учун ҳам ажралиш ҳозирги кундаги муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Шунинг учун оталаримиз ўғил болаларига оила бошлиғининг хулқ-атвори қандай бўлиши хусусида намуна бўлмоқлари лозим.  Оила, никоҳ муносабатларининг нақадар муқаддаслигини болалар онгига ёшликдан сингдириб  бориш керак.

Ўғил вояга етиб, оила қургач, одатда турмуш ўртоғига отаси онасига қилган сингари муносабатда бўлади. Халқимизда: «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор. Агар оилада эр аёлнинг ҳурматини жойига қўйса, ўзгалар ва фарзандлари олдида камситмаса, бундай оилада тарбия топган йигит ҳам оила қурганида худди отаси каби йўл тутади.

Юқоридагилардан хулоса шуки, бугун миллатимизнинг маънавий тарбиясига эътибор кучайгани, айниқса, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашга оталарнинг ҳам муносиб ҳисса қўшаётганликлари ҳаммамизга ғурур бағишлаши керак.