TАJVIDGА OID MАNBАLАR

TАJVIDGА OID MАNBАLАR

Марказий Осиёдан тафсир илмида Абуллайс ас-Самарқандий, Абулбаракот ан-Насафий, Абу Ҳафс ан-Насафий, Маҳмуд аз-Замахшарий, фиқҳ илмида Абу Ҳафс Кабир, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Абу Бакр ал-Косоний, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-Шариъа ал-Бухорий, калом ва ақида илмида Абу Мансур ал-Мотуридий, Абулмуин ан-Насафий каби мутафаккирлар етишиб чиққан. Улар қаторида  тажвид ва қироат илмида ҳам ислом оламига ибрат бўлган зотлар бор.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақ­ланаётган тажвид илмига оид қўлёзмалар бунинг ёрқин далилидир. Бироқ, улар тўғрисида умумий тасаввур ҳосил қилиш учун илмий маълумотлар йўқ ҳисоби. Бирламчи ҳисоб-китобларга қараганда, арабча манбаларнинг 141 та нусхаси, форсча ва туркийча манбаларнинг эса 182 та нусхаси айнан тажвид илмига оид қўлёзмаларни ташкил қилади. Уларнинг аксарияти Имом аш-Шотибийнинг (1144 – 1194) “Ҳирз ал-амоний” ва Шамсиддин ал-Жазарий (1350 – 1429) қаламига мансуб арабча «ал-Муқаддима» асари ёки Мирзо Зоҳид (XVIII аср) деган маҳаллий қорининг форсча «Қавоид ал-Қуръон» асарлари нусхалари бўлишига қарамасдан дунё илмий жамоатчилигига номаълум, жаҳоннинг бошқа қўлёзма фондларида топилмайдиган бир қанча манбалар ҳам бор. Улар ҳалигача илмий тадқиқотлар доирасига тортилмаган, кўпчилигининг мукаммал илмий тавсифлари ҳам йўқ.

Абулқосим аш-Шотибий қадим Андалусиянинг Шотиба шаҳрида туғилган. У кўзлари ожиз ҳолда туғилган бўлишига қарамасдан Қуръони каримни барча қироатлари билан тўлиқ ёд олган эди. Шунинг­дек, «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим» ва «ал-Муватто» сингари ҳадис тўпламларини мукаммал ёд олганлиги манбаларда қайд қилинган.

Абулқосим аш-Шотибийнинг бутун дунёга машҳур тажвид ва қироат илмига бағишланган асарининг тўлиқ номи «Ҳирз ал-амоний ва важҳ ат-таҳоний фи-л-қироат ас-сабъ ал-масоний» деб аталган ва муаллиф нисбаси билан «Шотибия» деб ҳам шуҳрат қозонган. Мазкур асар шеърий манзума шаклида тузилган бўлиб, байтларининг барча бандлари «лом» ҳарфи билан тугатилган. Шунинг учун ҳам асар илм аҳли орасида «Ломия» номи билан ҳам машҳур бўлган. Асар 78 бобдан иборат бўлиб, 1173 байтни ўз ичига олади. «Шотибия»нинг 18 та ноёб қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Мазкур фондда асарнинг «Иброз ал-маоний», «Мубарриз ал-маоний», «Канз ал-маоний», «Сирож ал-Қори», «Кошиф ал-маоний» ва «Қутбия» каби ўнга яқин шарҳлари нусхалари ҳам мавжуд. Бу жиҳат асарнинг Ўрта Осиёда нақадар шуҳрат қозонганини ҳам ёққол кўрсатади. Имом аш-Шотибийнинг мазкур қасида манзумасидан ташқари «Китоб вуқуф ал-мудаллал ал-ароис ал-Қуръон би-л-ҳалл ал-мукаллал» номли асарининг ҳам ноёб қўлёзма нусхаси сақланади.

Шамсиддин ал-Жазарий эса соҳибқирон Амир Темур даврида Мовароуннаҳр ва унинг пойтахти Самарқандга келиб илмий фаолият олиб борган қироат олими ҳисобланади. Унинг ўндан ортиқ асарлари шуҳрат қозонган бўлса-да, бироқ энг муҳим асари айнан тажвид илмига бағишланган. У «ал-Муқаддима ал-жазария» деб аталади. У ҳам «Шотибия» сингари манзума шаклида тузилган бўлиб, арузнинг ражаз баҳрида ёзилган. У 108 байтдан иборат. ЎзР ФА ШИ қўл­ёзмаларининг Асосий фондида унинг 20 га яқин нусхалари бор. Мазкур асарнинг Тошкубризода (1495 – 1561) ва Мавлоно Али ал-қори (ваф. 1606) томонидан қилинган шарҳларидан ҳам бир неча нусхалари мавжуд. Шамсиддин ал-Жазарийнинг яна қироат илмига оид «Тийбат ан-нашр» ва «ан-Ниҳоя» каби асарларининг қўлёзма нусхалари ҳам мазкур фондда мавжуд.

Марказий Осиё мадрасаларида XIX асрда жуда машҳур бўлган тажвидга оид асарлардан бири Мирзо Зоҳид деган олимнинг қаламига мансубдир. У ҳам ўтмишдошларига ўхшаб ўз асарини назмда битган бўлиб, «Назм ал-қавоид», «Қавоид ал-қурро», «Қавоид ал-Қуръон», «Махорижи ёрон» ва «Махориж ал-ҳуруф» каби номлар билан аталади. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисми араб ҳарфларининг махражлари, яъни ҳарфларнинг талаффуз ўринларига ба­ғишланган. Бу қисм 40 байтдан иборат. Иккинчи қисми эса 57 байт­дан иборат. У Абдуррауф деган шахсга бағишланган. Асарда «Баҳри Абдуррауф кардам назм, Ба иноёти ҳазрати Мавло!» (Ҳазрати Мавло, яъни Аллоҳнинг ёрдами билан Абдуррауф учун назм қилдим) деган байт бор. «Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР» каталогида мазкур Абдуррауфни мадрасанинг талабаси бўлса керак, де­йилади. Бизнингча, у муаллифнинг ўғилларидан бири бўлиши керак. Одатда бу хилдаги асарлар фарзандлар учун атаб

ёзилади.

«Назм ал-қавоид»нинг биринчи қисми: «Ин чиҳил байтро шуда таърих, Дар баёни «махорижи ёрон» (Ушбу қирқ байтга «махорижи ёрон» баёнида сўзи таърих бўлган) деган байт билан тугатилган. Бу ерда «махорижи ёрон» сўзи таърих бўлса, у абжад ҳисобида 1106 ни англатади. Демак, асар ушбу ҳижрий санада битилган. Бу милодий 1694 – 1695 йилларга тўғри келади. «Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР» каталогида ҳам ушбу сана қайд этилган. Унда 1117 ва 1112 саналар ҳам кўрсатилган. Агар унга биз «баён» сўзини ҳам қўшиб ҳисобласак, у ҳолда 1169 санаси ҳосил бўлади ва у 1755 йилга тўғри келади. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди картотекаларида эса асарнинг ёзилган вақти бўйича 1101, 1111 каби бошқа саналар кўрсатиб ўтилган. Ҳатто 3927/I рақамли қўлёзма нусхаси картотекасида, 901/1495, 2463/VII рақамли қўлёзма нусхаси картотекасида эса 1175/1762 сана асарнинг ёзилган йили сифатида қайд қилинган. Демак, бу турли хилликлар асарни жиддий тадқиқ этиш заруратини туғдиради ҳамда муаллиф ва асар тўғрисида илмий маълумотлар етарли эмаслигини билдиради.

«Назм ал-қавоид»нинг биринчи қисми араб ҳарфларининг махражларига оид бўлиб, муаллиф айтишича, улар 16 та махражга эга. Иккинчи қисмда эса «ғунна», «тафхим», «қалқала», «мад» каби тажвид қоидалари назмда тушунтириб берилган.

«Назм ал-қавоид»нинг 63 та қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Бироқ, картотекаларда уларнинг айримларининг муаллифи сифатида Зоҳидий ёки Абдуррауф деб кўрсатилган.

Марказий Осиёда форс тилида битилган манбалардан яна бири Ибн Имод деган муаллиф томонидан ёзилган бўлиб, «Хулосат ат-танзил» деб аталади. У 803/1400 йили ёзилган. Унинг энг қадимги нусхаларидан бири 929/1522 санада китобат қилинган. «Ҳадят ул-

орифин»да «Ибн Имод» тахаллусли андижонлик олим тўғрисида хабар берилган бўлиб, унинг тўлиқ номи Камолиддин Муҳаммад ибн Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф ибн Имод ибн ал-Ғози ал-Андугоний деб келтирилади. Унинг 1326 йилда таваллуд топгани ва 1375 йили ёзган калом илмига оид «Сидқ ал-калом» номли асари тўғрисида гапирилади. Андугон эса Фарғонанинг бир қишлоғи сифатида келтирилади. Бизнингча, мазкур муаллиф умрининг охирларида тажвидга оид манзума ҳам яратган.

Тажвидга оид форсий манбалардан яна бири «Қавоид ал-Қуръон» деб номланади. Унинг муаллифи Ёрмуҳаммад ибн Худойдод ас-Самарқандий бўлиб, XVI асрда яшаган олим ҳисобланади. Мазкур манбанинг 15 га яқин нусхалари мавжуд. Энг қадимий нусхаси асар ёзилган 920/1514 санадан бир йил кейин Муҳаммад Акбар ал-Жомий номли хаттот томонидан насх хатида 49 варақли қилиб кўчирилган.

«Ал-Минаҳ ал-фикрия» асари муаллифи Али ал-қори ўз шарҳини ёзишда Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийнинг «Қавоид ал-Қуръон» китобидан ҳам фойдаланган. Жумладан, у Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийнинг «буф» (بوف) ҳарфларига сукунлик «мим» йўлиққанда «мим»ни изҳор қилиш тўғрисидаги фикрини келтириб ўтган. Бироқ, мазкур «ал-Минаҳ ал-фикрия»ни нашрга тайёрлаган Усома Атоё Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийни самарқандлик бошқа бир қироат ва тажвид олими, «Изоҳ ал-хаволиф», «Руҳ ал-мурид», «Ақд ал-фарид фи илм ат-тажвид», «ат-Ташжир» ва «ал-Мабсут ва-л-мазбут» асарлари муаллифи  – Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Самарқандий (ваф. 1378) билан янглиштирган. Лекин, у ҳолда унинг исмига «Ёр» қўшимчаси нега қўшилиб қолганига изоҳ бермаган. Бизнингча, Мулла Али ал-қори бу ерда айнан «Қавоид ал-Қуръон» асари муаллифи Ёрмуҳаммад ас-Самарқандийни назарда тутган.

Мавлоно Исмат номи билан шуҳрат қозонган бухоролик адиблардан бири Исматуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Неъматуллоҳ ал-Бухорий (XVI аср) томонидан тажвид илмига оид «Нажот ал-қори» номли асар битилган. Шайбоний Абдуллатифхонга бағишланган мазкур манбада Қуръон ўқиш хосиятлари, айрим оятларнинг фазилатлари ва хато ўқиш ҳукмлари баён қилинган. Унинг икки қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Асар насрда ёзилган бўлиб, ҳарфларнинг махражлари тўғрисидаги муаллифнинг манзумаси ҳам унга илова қилинган.

Ҳофизи Калон номи билан танилган бухоролик олимнинг «ад-Дуррат ал-фарида» ҳамда «Анис ал-қурро» номли асарлари мавжуд. У Убайдуллоҳхон даврида Бухорода илмий фаолият олиб борган олим ҳисобланади. «Анис ал-қурро»нинг 927/1521 йили кўчирилган нусхаси автограф бўлиши ҳам мумкин. Муаллифнинг «Хулосат ал-ҳукамо» номли форс тилидаги асарни ўзбек тилига таржима қилгани ҳам маълум.

Фарғоналик олимлардан бири, Сидқий тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Содиқ ибн Абдулбоқи ал-Фарғоний томонидан 1000/1591 йили “Риёз ал-аброр” номли асар битилган. 41 варақдан иборат ушбу асар қўлёзмаси Қуръон қироатига бағишланган форс тилидаги ноёб манба ҳисобланади. Яна шу йили муаллифнинг «Ҳадойиқ ал-ахёр» номли асари ҳам ёзилган. Унинг ҳам бир неча қўлёзма нусхалари ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади.

Бухоролик тарихчи, мутасаввиф Саййид Зинда номи билан танилган Али ибн Азизон ибн Мир Ҳусайн ал-Бухорий 1107/1695 санада битган «Туҳфаи Ғиждувоний» номли асар ҳам Қуръон ўқиш қоидаларига бағишланган. Асарнинг тошкентлик хаттот Абдулваҳҳоб Шоший томонидан 1865 йили китобат қилинган бир нусхаси 45 варақдан иборат. Асар аштархонийлардан бўлган Субҳонқулихон даврида 1107/1695 йили ёзилган. Китоб номи аслида «Қироат ас-Сибтайн» деб аталган бўлиб, форс тилида 635 байт­дан иборат қилиб тузилган манзума ҳисобланади. Муаллифнинг «Самарот ал-машойих» номли асари эса Ўрта Осиёда фаолият юритган тасаввуф аҳлининг фаолиятини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

XIX асрга келиб ҳам тажвидга бағиш­ланган бир қанча асарлар ёзилди. Мазкур асарларнинг аксариятини Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қорилар, ҳофизи Қуръонлар битганлиги уларнинг муаллифлари номларидан ҳам кўриниб туради. Исмоил қори деган муаллиф томонидан ҳам «Қавоид ал-қурро» номли асар битилган. Жалол қорининг «Муттафақ ал-қироат», Дўст қорининг «Мажмаъ ал-қавоид», Нуриддин Муҳаммад қорининг «Мақсуд ал-қори», Абдулкабир қорининг «Матлуб ал-қироат», Муҳаммад Шоди қорининг «Файз ар-Раҳмон», Ҳасан қорининг «Аҳсан ал-қори», Ҳофиз Абдуллоҳнинг «Марғуб ал-қори» ва Абдунносир домла Сайфуллоҳ ўғли томонидан битилган «Туҳфат ат-толибин» номли асарларни ҳам мисол келтириш мумкин.

Қуръон ўқиш қоидаларига оид XIX асрда битилган манбалардан бири «Ҳуж­жат ал-воқифин» деб номланган. Уни Бухоро Аркидаги масжид имоми Қори Абдурраҳим ат-Торобий ал-Бухорий 1300/1883 йили битган. Асарнинг бир неча нусхалари мавжуд. Шунинг­дек, олимнинг «Туҳфаи Сиддиқхоний» ва «Шарҳ Қасидаи Банот-суод» номли асарларининг ҳам қўлёзма нусхалари сақланиб қолган.

Хулоса қиладиган бўлсак, юқорида ҳам айтганимиздек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс­титутида ҳали илмий тадқиқотларга жалб қилинмаган, илмий тавсифлари яратилмаган қўлёзма манбалар жуда кўп. Шундай манбалар қаторида ислом фанларига оид, айниқса, тажвид илмига бағишланган қўлёзмалар ҳам мавжуд. Институт фондидаги тажвид илмига оид қўлёзма манбалар темурийлар давридан бошланади. XVI асрда эса муҳим асарлар битилган эди. XIX асрга келиб бир қанча мўъжаз рисолалар, айнан кичик ёшли болаларга мўлжалланган форс ва туркий тилдаги назмий ва насрий асарлар ёзилди. ХХ аср бошларида эса уларнинг ўндан ортиғи тошбосмаларда ҳам нашр қилиниб кўпайтирилган эди. Уларнинг муаллифлари ҳаёти ва ижоди, асарларидаги маъно-мазмун ҳалигача тўлиқ ўрганилган эмас. Уларни ўрганиш Марказий Осиё ва унинг юраги бўлмиш Ўзбекистон тарихининг ҳанузгача очилмаган саҳифаларини тўлдиришда жуда катта аҳамиятга эга. Бу асарларни тадқиқ қилиш натижасида буюк олимларимизнинг исломий илмларга қўшган ҳиссаси янада кўпроқ бўлгани англашилади.

 

Абдуманноб Исматуллаев
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

HАKIM TERMIZIYNI АQShDА KАSHF ETGАN OLIM

HАKIM TERMIZIYNI АQShDА KАSHF ETGАN OLIM

Ислом динида тасаввуфий тушунчалар моҳияти, валийлик атамаси, сўфийликни дунёвий илмлар (антропология, космология, археология, қадимшунослик ва ислом илоҳиёти) асосида илк маротаба очиб берган мутафаккир Ҳаким Термизийдир.

У дунёда машҳур анъанавий Аристотел-неоплатоник фалсафий ғояларига мурожаат қилмасдан, исломда тасаввуфий қарашларни тизимлаштирган илк олимдир. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, у яшаган йиллар тахминан 132 – 142/750 – 760 йиллардан 255/869 йилгача бўлган даврга тўғри келади.

Ҳаким Термизий 80 дан (баъзи адабиётларда 400 дан) ортиқ илмий асарлар муаллифи ва Шарқ тасаввуфшунослигининг машҳур намояндаси ҳисобланади. Ҳаким Термизий чуқур илм ва кенг дунёқарашга эга бўлгани учун «Ал-ҳаким» (доно) деган тахаллусни олган. Ғарб ва Шарқда унинг асарларини тадқиқ этишга бағишланган кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган. Америкада Ҳаким Термизий асарлари илк бора Николас Ловсон Ҳир томонидан ўрганилган. 1953 – 1954 йилларда Н.Л.Ҳир англиялик профессор А.Ж.Арберри раҳбарлигида исломий тасаввуфни тадқиқ этган. 1955 йилда у «A critical edition and translation of the Bayan al-Farq bayn al-Sadr wa-al-Qalb wa-al-Fu’ad wa-al-Lubb of al-Hakim al-Tirmidhi (Ҳаким Термизийнинг «Кўкрак, қалб, юрак ва ички моҳият ўртасидаги фарқ баёни» китобининг танқидий нашри ва таржимаси – Н.К.)» номли диссертацияси учун Америкада докторликка лойиқ топилган. У ислом дини ва исломий тасаввуфни ўрганишга оид юзга яқин тадқиқотлар эълон қилган. Шулардан ўндан ортиғи бевосита Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга йўналтирилган. 1961 йил «Баян ал-фарқ»нинг инглиз тилидаги таржималари «A Sufi Psychological Treatise» (Сўфийликнинг психологик рисолалари – Н.К.) шаклида «Muslim World» (Мусулмон дунёси)нинг тўрт сонида эълон қилинган. 2003 йил эса китоб шаклида “Three Early Sufi Texts (Илк уч сўфийлик матнлари)” номи билан чоп этилди.

 У 1959 йил «Some Biographical and Bibliographical Notes on Al-Hakim al-Tirmidhi (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаё­ти ва фаолиятига оид баъзи қайдлар – Н.К.)» номли мақоласи орқали алломани Америка илм аҳлига таништирган. 1960 йилда муаллиф «Америка шарқшунослари жамияти» семинарида «Al-Hakim al-Tirmidhi’s Kitab al-‘Ilal» (Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Китаб ал-Илали) номли маъруза билан қатнашган. 2006 йил Н.Л.Ҳир томонидан «A Sufi Work on the Stations of the Heart» (Юрак маконларида бир сўфий тадқиқоти) номли мақола эълон қилинган.

Яқинда ушбу америкалик олимнинг Ҳаким Термизий фаолияти бўйича олиб борган тадқиқотлари, умуман Николас Ловсон Ҳирнинг буюк алломага бўлган эҳтироми, эътирофи ва муносабати масаласида у билан суҳбат уюштирилди.

Қуйида ўқувчилар эътиборига илмий мулоқотни ҳавола қиламиз.

Н.Каримов: – Ассалому алайкум ҳурматли Николас Ҳир! Аҳволларингиз қандай?  Мен ҳозирги кунда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг таянч докторанти сифатида термизийлар илмий меросининг хорижда ўрганилиши бўйича тадқиқот олиб боряпман. Ҳурматли Николас Ҳир! Сизнинг Ҳаким Термизий ёзма меросига бағишланган ишларингиз  маълумотга бойлиги, чуқур илмий асосга эгалиги билан ажралиб туради. Ҳаким Термизийга бағишланган илк диссертациялардан бири ҳам айнан сиз томонингиздан ҳимоя қилинган. Бу мавзуга қизиқиш қачон ва қандай пайдо бўлган?

Профессор Н.Ҳир: – Ҳаким Термизий ижодига қизиқиш 1954 – 1955 йилларда Англиянинг Кембридж университетида таҳсил олиб юрган пайтларимда пайдо бўлган. Профессор А.Ж.Арберри мени исломий тасаввуфга йўналтирган. Ўша йилларда Миср кутубхоналаридан Ҳаким Термизийнинг кўплаб асарлари топилиб, улар устида тадқиқотлар олиб борилаётган эди. Профессор А.Ж.Арберри раҳбарлигида Ҳаким Термизийнинг «Баян ал-фарқ байн ас-садр ва-ал-қалб ва-ал-фуъад ва-ал-лубб» номли асарини ўргана бошладим. 1955 йил айнан мазкур китоб бўйича АҚШнинг Принстон университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим.

Н.Каримов: – Термизий ёзма мероси бўйича узоқ йиллар тадқиқот олиб борган, Ҳаким Термизий асарларини ўрганишга оид кўплаб тадқиқотлар муаллифи Бернд Радтке ва Жон О’Канеларнинг «The concept of Sainthoodin early Islamic Mysticism» китобида «Баян ал-фарқ» асарининг муаллифи Ҳаким Термизий эмас деб кўрсатилган. Бу масалага фикрингиз қандай?

Профессор Н.Ҳир: – «Баян ал-фарқ» асари ким томонидан ёзилганлиги узоқ йиллардан буён жиддий баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Бунинг асосий сабаби мазкур асарнинг фақатгина битта нусхаси топилганлигидир. Б.Радтке ва Ж.О’Канелар ҳам мазкур асар Ҳаким Термизийга бутунлай тегишли эмас деб  айта олмаганлар. Баъзи бир мулоҳазалар туфайли диссертацияда мен ҳам Ҳаким Термизийни муаллиф сифатида кўрсатмаганман. «Баян ал-фарқ» асари муаллифи масаласида Ҳаким Термизийга нисбат берилади сингари тахминий фикрни билдирганман.

Н.Каримов: – Аммо, «Баян ал-фарқ» китобида ишлатилган атамалар «Хатм ул-авлиё» асаридагилар билан шакл ва мазмун жиҳатидан жуда ўхшашлигини кўриш мумкин. Унда «Хатм ул-авлиё» китобининг муаллифи ҳам баҳсли масала бўлиши керак. Шундай эмасми?

Профессор Н.Ҳир: – Юқорида таъкидлаганимдек, бу баҳсли масаладир. Янги тадқиқот якуний хулосаларга олиб келиши мумкин.

Н.Каримов: – Ҳаким Термизий шахсияти ва илмий меросининг кўлами ҳақида фикрингиз?

Профессор Н.Ҳир: – Маълумки, Ҳа­ким Термизий кўп қиррали ижодкор бўл­ган. 1959 йил чоп этилган “Some Biog­raphical and Bibliographical Notes on Al-­Hakim al-Tirmidhi (Ал-Ҳаким ат-Термизий­нинг ҳаё­ти ва фаолиятига оид баъзи қайдлар – К.Н.) номли мақоламда қайд этганимдек, унинг олтмишдан ортиқ асари турли кутубхоналарда сақланиб ке­лин­моқда. Ҳозирги кунда топилган асар­ларининг сони саксондан ошиб кетди. Ҳаким Термизий битта сўз билан айтганда тубсиз уммон. Унинг илмий меросини қанчалик кўп ўргансангиз, бу уммоннинг боши ҳам охири ҳам йўқдек туюлади. Унинг шахсий ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот сақланиб қолган.  Туғилган ва вафот этган йиллари ҳам маълум эмас. Алломанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги асосий манба «Бадувву шаън Абу Абдуллоҳ Термизий» китобидир. Мазкур асардан Термизийнинг ёш­лик чоғлари ҳақида маълумот олиш мумкин.

Н.Каримов: – Ҳаким Термизий туғилиб ўсган жой ҳақида нималарни биласиз?

Профессор Н.Ҳир: – Маълумки, Ҳа­ким Термизий туғилиб ўсган ҳудуд исмидаги нисбатдан ҳам келиб чиқилса Тер­миз шаҳридир. У бугунги кунда Ўзбекис­тон Республикаси таркибидаги шаҳарлардан бири бўлиб,  Афғонистонга яқин жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Кўп йиллар олдин шахсан Термизга бормоқчи бўлганман. Афсуски, собиқ совет ҳукумати бунга ижозат бермаган. Виза олишга кўплаб уринишларим бесамар кетган.

Н.Каримов: – Бугун Ўзбекистон мус­тақил давлат. Бу юртда ота-боболар номи тикланиб, уларнинг илмий мероси алоҳида қизиқиш билан ўрганилмоқда. Қадамжолари таъмирланиб, обод этилган. Ҳозир келишни истамайсизми?

Профессор Н.Ҳир: – СССР парчалангандан сўнг Ўзбекистонда рўй берган воқеалардан хабарим бор. Ҳозир ҳам жуда хоҳлайман. Аммо, афсус кексалик халал беради. Ёшим 90да. Бу ёшда узоқ саёҳат қийин масала.

Н.Каримов: – Ҳаким Термизий илмий меросининг қайси жиҳатлари ўрганилган? Термизийга оид қандай тадқиқотлар амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?

Профессор Н.Ҳир: – Айтиб ўтганим­дек, Термизий кўп қиррали олим сифатида машҳур. Оддийгина унинг исм­и­даги «ал-ҳаким» сўзининг ўзи унинг ма­те­матика, мантиқ, мусиқа, тиббиёт ва астрономия каби соҳалар би­лимдони бўлганидан дарак беради. Тўғриси, алломанинг ҳеч бир жиҳати тўлиқ ўрганилмаган. Амалга оширилган ишлар эса денгиздан томчидир. Демак, Термизийнинг исталган жабҳасида янгиликлар қилиш мумкин. Аммо, биринчи навбатда турли кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларининг танқидий матнини яратиш керак. 

Н.Каримов: – Ҳаким Термизийнинг ўзига хослиги нимада? Қандай жиҳатлари билан ажралиб туради?

Профессор Н.Ҳир: – Марказий осиё­лик кўплаб алломалар ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган. Имом Бухорий, Имом Термизийлар асарлари илмий асос­ланганлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Ҳаким Термизий комил инсон ғояси асосларини ишлаб чиққан ва кейинчалик ўзи бошқалар учун намуна сифатида қабул қилинган. Тарихда диний ва дунёвий илмларни Термизийчалик уйғунлаштирган олимлар жуда кам учрайди. Ўша даврда кўплаб сўфийлик мактаблари мавжуд бўлган, аммо Термизий ҳеч бирига аъзо бўлмаган. Кўплаб асарлари бошқа сўфийлик мактабларининг саволларига жавоблар шаклида ёзилган. Ал-Ғаззолий, Ибн Арабий, Ибн ал-Қаййим каби буюк олимлар ижодини Термизий асарларисиз тушуниб бўлмайди. Уларнинг асарлари гўё аллома ёзма меросининг мантиқий давомидир. Қолаверса, кўплаб тариқатларнинг тамойилларига ҳам бевосита Термизий ғоялари асос қилиб олинган.”Валий” ва “валийлик” масаласида “Хатм ул-авлиё” китоби ҳанузгача ўзининг ягоналиги билан бошқалардан ажралиб туради. Сўзларни ўз ўрнида қўллаш санъати борасида ҳам янги изланишлар амалга оширса бўлади. У биринчилардан бўлиб араб ва форс тилларини уйғунлаштирган ҳолда мукаммал асарлар ёзган.

Н.Каримов: – Бугунги кунда Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганишга оид илмий ишлардан хабардормисиз? АҚШда амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида нималарни биласиз?

Профессор Н.Ҳир: – Биласизми, қан­дайдир мавзуни узоқ йиллар тадқиқ этсангиз, ўша мавзу сизнинг борлиғингизга айланади. Шу сабабли ёшим кексалигига қарамасдан, аллома ҳақидаги илмий ишларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Ҳозирги кунда Миср, Туркия, Исроил каби давлатларда Термизий ижоди жиддий тадқиқ этилмоқда. Хусусан, исроиллик олима Сара Свири аллома ёзма меросига оид баҳсли масалаларни эълон қилиб келади. АҚШда эса Термизийнинг тасаввуфга оид ишлари кўпроқ ўрганилади. Шарқ давлатларидаги сўфийлик тариқатларининг илдизлари Ҳаким Термизий асарлари билан қиёсланади. Аллома асарлари орқали асл моҳият очиб берилади. Чунки исломий тасаввуф шаклланишида Ҳаким Термизийнинг алоҳида ўрни бор.

 

Нодир Каримов,
Тошкент давлат шарқшунослик институти докторанти

ZIYORАT ODOBI

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ авлодларга «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб ал-муфрад», «Ат-тарих ас-сағийр», «Ат-тарих ал-авсот», «Ат-тарих ал-кабир», «Китоб ал-илал», «Биррул волидайн», «Асомо ас-саҳоба», «Китоб ал-куна» каби 20 дан зиёд бой ва қимматли илмий мерос қолдирган буюк муҳаддисдир. 

 

Муҳаммадсиддиқ Усмонов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси бўлими мудири

 

Унинг бебаҳо асарлари ичида «Ал-адаб ал-муфрад» алоҳида аҳамият касб этади. Уламоларимиз исломдаги ибодатларни иккига – шаръий ва таомулий қисмларга бўлганлар.  «Ал-адаб ал-муфрад»да бу аниқ акс эттирилган. Унга кўра, шаръий ибодатлар Қуръон ва ҳадислар орқали фарз ёки вожиблиги собит бўлган намоз, рўза ва ҳаж каби арконлардир. Баъзи уламолар уларни Аллоҳ таолонинг ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ билан бўладиган алоқасидир, деганлар. Бу каби ибодатларнинг маъно-моҳияти, уларни қачон ва қандай адо этиш йўсинлари Қуръон оятлари ва ҳадисларга асосланган шаръий далиллар орқали тайин қилинган. Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозимки, шаръий ибодатлардан кўзланган мақсад одамларнинг руҳан ва жисмонан юксалишидир.

Агар шаръий ибодатларни  фарз қилган оят ва ҳадисларга синчковлик билан разм солсак, бу ибодатлардан кўзланган ғоя ва мақсадлар аниқ баён қилинган. Масалан, намоз ҳақидаги оятда: «(Эй Муҳаммад,) Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб – Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо этинг! Албатта, намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур», – дейилган. (Анкабут, 45-оят).

Таомулий ибодат, деганда эса, бандаларнинг бир-бирлари билан бўладиган ўзаро муомала ва турли йўсиндаги муносабатларидаги меъёрлар тушунилади. Ислом дини инсонлар ўртасидаги бу муомала ва муносабатларни ижтимоий ҳаёт доирасида ибодат даражасига кўтарган.  Бунга исломда муҳим талаб­лардан саналган тўғрисўзлик, омонатдорлик, иффатлилик, одиллик, инсофлилик, меҳр-шафқат, вафодорлик, садоқат, ҳалоллик ва шу каби инсон камолотини белгиловчи кўплаб фазилатларни киритиш мумкин.

Мусулмонларнинг Ҳабашистон диё­ри­га қилган биринчи ҳижратларида Жаъ­фар ибн Абу Толиб Ҳабашистон ҳукм­дори Нажжошийнинг ислом дини ҳақида берган саволига шундай жавоб берган эди: «Эй подшоҳ! Биз, Аллоҳ таоло токи ўз ичимиздан наслу-насаби, омонатдорлиги маълум бўлган бир кишини пайғамбар қилиб юбормагунича, жоҳилият даврида яшар эдик, санамларга ибодат қилар эдик, ҳаром ўлган жони­ворларни ҳам истеъмол қилаверар, фис­қу-фаҳшлару, беҳаёликлардан тап торт­мас эдик, шунингдек, силаи-раҳм алоқаларини боғламас, қўшниларга озор етказар эдик, шу аснода Аллоҳ таоло бизга бир пайғамбарни юборди. У бизни Аллоҳга, Унинг Ўзигагина ибодат қилишга, ота-боболаримиз томонидан тош ва ёғочлардан иборат бўлган бут ва санамларга ибодат қилишдан воз кечишга чақириб, сўзлаганда ёлғон қўшмай рост сўзлашга, омонатларни адо этишга, силаи-раҳм алоқаларини боғлашга, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга, ҳаром ва фаҳш ишлардан, шунингдек,  қон тўкишдан тийилишга буюрди...»

Эътибор берилса, бу воқеа ҳаёт-мамот ҳал бўладиган жуда бир оғир ҳолатда юз берган эди. Зулму зўравонлик­ларга мубтало бўлган мусулмонлар олис йўл босиб, нажот истаб, энди подшоҳнинг ҳузурига кирганларида, ортларидан душманлари кириб келади ва подшоҳга қимматбаҳо совға-саломлар тортиқ қилиб, қочоқларни қайтариб беришни талаб қиладилар. Бу машҳур қисса бизга ислом динининг асл моҳиятини англашга ойдинлик киритса ажаб эмас.

Одамлар бир-бирлари билан қиладиган муомала-муносабатларидаги олий хулқлар ҳадисларда зикр қилинган таомулий ибодат, деб аталади.  Уламолар шаръий ибодатлар ғоя ва мақсад эмас, балки ғояга олиб борувчи восита, таомулий ибодатлар эса диндан кўзланган мақсаддир, деганлар ва таомулий ибодатлар дуруст, яъни талаб даражасида бажарилмагунича, шаръий ибодатлар тўғри ва комил бўлмайди, деган қоидага иттифоқ қилганлар.

Яна бир мисол келтирайлик: «Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидан сўрадилар: «Муфлис ким биласизларми?» «Ҳа, ҳеч вақоси йўқ одам», дейишди. Муҳаммад алайҳиссалом: «Йўқ, муфлис охиратга намоз-у рўзалари, садақа-ю эҳсонлари туфайли кўп савоблари билан борган, аммо дунёда фалончининг молини ноҳақ еган, фалончини сўккан ва фалончини урган одамдир. Ҳақдорлар унинг савоб амалларини олиш билан ҳақларини оладилар, савоблари ту­га­гач, ҳақдорларнинг гуноҳларини ўз зим­масига олади, сўнг у ерда юз тубан ҳол­да судраб, дўзах­га улоқтири­лади», дедилар».

Ушбу ҳадисга кў­ра, дунё ва охират муаммолари шаръий ибодатларнинг ўзи билангина ҳал бўлмаяпти, балки шаръий ибодат билан бирга таомулий ибодатлар талаб даражасида бажарилгандагина дунё ва охират саодатига эришиш мумкинлиги ойдинлашмоқда.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ­нинг «Ал-адаб ал-муфрад» асарида эса асосан муҳим таомулий ибодатлар ифодаланган ҳадислар бирин-кетин бобларга жойлаштирилганига гувоҳ бўламиз. Асар дастлаб 24 бобга ажратилиб, 46 ҳадисни ўз ичига олган «Ота-онага яхшилик қилиш» бўлимидан бошланган. Ота-она ҳар бир фарзанд учун табаррук ҳисобланиб, аввало унинг ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлишган. Аллоҳ таоло бандаларини аввал ёлғиз Ўзигагина ибодат қилишга, сўнгра ота-онага яхшилик қилишга буюрган. 

Уламоларнинг юқоридаги ибодат мо­ҳияти борасидаги фикрларига асос­ланиб, бу бўлимга киритилган ҳадисларни энг яқин йўл билан Аллоҳ розилигига етказувчи таомулий ибо­датларни ифо­даловчи ҳадислар, дейишимиз мумкин.

Иккинчи бўлим «Болалар тарбияси ва уларга меҳрибонлик қилиш» деб номла­ниб, болалар билан боғлиқ турли муносабат ва мавзулар ёритилган 57 боб ва  99 ҳадисни ўз ичига олган. Бу бобда ҳам ҳадисларнинг барчасида бандаларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи таомулий ибодатлар санаб ўтилган.

Учинчи бўлим «Эр-хотиннинг масъулиятлари» деб номланади. Унда ҳам таомулий ибодат рукнларидан баъзилари ёритилган.

Шу ўринда, уламоларнинг бир му­ҳим қоидаси, яъни ғоя ва васила тушунчасини эслаб ўтиш ўринлидир. Васила – бу асл мақсад эмас, балки ғояга олиб борувчи йўлдир. Ғоя эса, ҳақиқий мақсад бўлиб, унга васила орқали эришилади. Мана шу қоидага биноан, уламоларимиз шаръий ибодатларни васила, таомулий ибодатларни  эса ғоя ва мақсад, деб ҳисоблаганлар.

«Ал-адаб ал-муфрад» асарининг асосий мавзуси таомулий ибодатларни ёритишга бағишлангани жиҳатидан жуда катта аҳамият касб этади. Зеро, таомулий ибодат диннинг асосий ғоясидир.

OTА TАRBIYaSIDА HIKMАT KOʼP

OTА TАRBIYaSIDА HIKMАT KOʼP

Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқ ва илм ўргатиш нафл ибодатдан афзал ва савоблироқ. Яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари ота-онасининг қабрини пур нур, руҳи покларини шод ва масрур қилади.

Баҳриддин Умаров

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
«Дин психологияси ва педагогика» кафедраси
профессори, психология фанлари доктори

Ота – оиланинг устуни, чинакам ва енгилмас қўрғони. Оила қўрғонининг пойдевори ота тарбияси билан мус­таҳкамланади. Бола тарбиясида онанинг ўрни беқиёслиги ҳаммамизга аён. Лекин тарбия жараёнида отанинг ўрни ҳам жуда муҳимлиги ҳаётда ва фанда аллақачон исботланиб, қайта-қайта эътироф этилган.

Тарбиядаги биргина камчилик келажакда тузалмас хатоларга айланиши мумкин. Бу оғир жароҳатдан кўпроқ ота­лар озор чекадилар. Чунки фарзанд тарбиясидаги ноқислик учун кўпроқ оталар жавобгар. Отанинг ўз фарзанди тарбиясига беэътиборлиги парваришсиз қолган ниҳолнинг келажакда мева бермай, қуриб қолиши кабидир. Зеро, оталар оила­нинг меҳнаткаш ва заҳматкаш боғбонлари, фарзандлар эса ота тарбиясидан баҳ­ра олиб, жамиятимиз боғларини бе­заб туришларини истаймиз. Шуни унутмай­ликки, бола тарбиясида отанинг масъулияти ҳеч қачон сустлашиши мумкин эмас.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, аёллар ва эркаклар дунёқараши бир-биридан тубдан фарқланар экан, ўғил бола тарбияси билан кўпроқ ота шуғуллангани маъқул. Чунки ўғил болалар, умуман фарзандлар тарбиясида отанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. 

Бугун аксарият ҳол­ларда қизлар билан боғлиқ тафсилотларга берилиб кетаяпмиз-у,  қалқонларимиз бўлмиш йигитлар ҳақида камроқ тўхталяпмиз. Шундан келиб чиқиб, қуйида ўғил бола тарбияси тўғрисида фикр юритмоқчимиз.

Эркак – уйнинг қўр­ғони, ҳар қандай яхши-­ёмон кунларда оиланинг балогардони ҳисобланади. Оилада  бирор муаммо бўлса, оила аъзолари  унга суянишади.  Шунинг учун ўғил бола тарбиясида отанинг ўрни беқиёс бўлиб, унинг зиммасига бир қанча масъулият юклайди. Гарчи чақалоқ она билан кўпроқ мулоқотда бўлса-да, уларнинг мақсадга мувофиқ муносабатини таъминлаб турувчи асосий вазифани оталар бажарадилар. Она дилбандига ғамхўрлик қилганидек, ота зиммасида фарзанди ва фарзандининг онасига ғамхўрлик қилиш масъулияти туради.

Инсонга ота-оналик масъулияти фарзанд туғилмасдан аввал тушади. Ўғил болада эркакка хос жиҳатлар ота тимсоли орқали шаклланиб боради. Ота фарзандининг гўдаклигиданоқ унинг ҳаётида ўз ўрнини топа билиши лозим. Зеро, бола ҳаётида энг дастлаб идрок этиладиган эркак киши – бу, унинг отасидир. Болалар табиатан жуда кузатувчан бўладилар. Кичкинтой ҳар қандай муносабатнинг нечоғли самимий ёки юзаки эканини тезда фаҳмлайди. Шунинг учун бола билан муносабатда сунъийлик, ясамалик, асабийлик ёки эътиборсизликка йўл қўймаган маъқул. Эътибор берилса, фарзанд бироз катта бўлгач, боғча ёшига кирганда отаси ёки онаси ишдан келиши билан уларнинг диққатини тортишга уринади. Албатта, у катталардан бирор-бир нарсани  болаларча эркалик билан сўрайди ёки арз қилади. Ишдан қанчалик чарчаб, асаби бузилиб келган бўлса-да, ота-она унинг бу хатти-ҳаракатларини ўринсиз хархашага йўймаслиги лозим. Биз кўпинча ўзимиз ҳам бола бўлганимизни унутиб қўямиз. Бу кичкинтойнинг ота-онасига бўлган ишончи ва меҳр-муҳаббати белгисидир. Шак-шубҳасиз, унинг бу илтимосларини адо этиш, гўдакнинг дунёни билиш, мулоқотга бўлган эҳтиёжини қондириш (бу энг муҳим эҳтиёжлар сирасига киради) энг аввало, ота-она зиммасидадир. Унинг тинимсиз ёғиладиган саволларига доимо жавоб беришга ҳаракат қилиш, лозим нарсаларни тушунтириш, севимли ўйинини бирга ўйнаш зарур. Шундагина фарзанднинг комил шахс сифатида шаклланиши, унинг характерида ижобий фазилатлар таркиб топишига эришиш мумкин. Акс ҳолда ота-бола умр бўйи бир-бирини кўрганда суҳбати қовушмай, бегонадай яшаб ўтавериши эҳтимол. Фақат истак билан фарзандимиз биз хоҳлаган инсонга айланиб қолмайди. Ўғил болани мард, жасур қилиб тарбиялаш учун унга нисбатан доимо қаттиққўл бўлиш керак эмас. Ўғил бола ҳам қиз бола сингари меҳр ва эътиборга муҳтож бўлади. Болага нисбатан ўта талабчан бўлиш ҳам тавсия этилмайди. «Сен ўғил боласан, қилишинг керак!» каби гаплар боланинг индивидуал-психологик хусусиятларидан келиб чиқиб, унда ўзига нисбатан ишончсизликни ривожлантириши мумкин. Ота-она боланинг  ақлий ва жисмоний машғулот турлари билан шуғулланишига эътибор қаратиши лозим. Бу унинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан баркамол шахс бўлиб ривожланишини таъминлайди.

Ота бош бўлган оилаларда тарбияланган болаларда отадан ижобий маънода ҳайиқиш, уни ҳурмат қилиш ҳисси шаклланган бўлади. Мана шу нарса уни «чизилган чизиқ»дан нарига ўтишидан, ҳаётимизда қабул қилинган турли ижтимоий меъёрларни бузишидан ва ўз навбатида турли ижтимоий санкцияларга дучор бўлишидан сақлаб туради.

Ота фарзандларни иқтисодий жи­ҳатдан таъминлаши, уларнинг мод­дий эҳтиёжларини қондириши мумкин. Аммо маънавий жиҳатдан тарбиялашга фақат онанинг ўзи ожизлик қилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, отанинг тарбияси, айниқса, ўғил бола учун муҳим. Пулга зориқмаслик ёки нуфузли таълим муассасаси талабаси бўлиш ҳам ота тарбиясининг ўрнини босолмайди. Турли ташвишлар билан овора бўлиб, болалари билан мунтазам мулоқотдан узилиб қолган оталарнинг фарзандлари тарбиясида муайян нуқсонлар пайдо бўлади. Бола ҳаётда тўғри мақсадни белгилай олмай тентираши, тўғри йўлдан тойиши мумкин. Баъзида боланинг назоратсизлик оқибатида уйидан кетиб қолиши ёхуд турли салбий таъсирлар домига тушиб қолиши ҳам кузатилади. Бу эса нафақат фарзанд, ота-она ёки оила, балки бутун жамият учун ҳам нохуш ҳолатдир.

 

Ҳаётда кўпинча она қиз бола учун, ота эса ўғил бола учун устоз, мураббийдир. Оилада ўғил бола тарбияси мураккаб ва узоқ давом этадиган ўзига хос жараён бўлиб, у фарзанд туғилмасидан анча олдин бошланиши лозим. Яъни бўлажак ота-онанинг саломатлиги, насл-­насаби, дунёқараши, ички ва ташқи дунёси, ахлоқ-одоби, турмуш қуришга маънавий ва жисмоний тайёрлиги келажак фарзанд тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Оилада ўғил бола тарбиясида оиланинг ҳар бир аъзоси, қўни-қўшни, маҳалла, таълим муассасаси, жамоатчилик бирдек масъулдир. Бу тизимда отанинг ўрни энг устувордир, десак ха­то бўлмайди. Чунки ўғил отадан атроф­дагиларга, табиат ва жамиятга нисбатан муносабат, юриш-туриш, муомалани ўрганади, ундан ўрнак олади. Ота фарзандига ақл-заковати, муомаласи, кийиниши, маданияти, қатъияти, меҳнатсеварлиги, рўзғор, хўжалик юритишдаги омилкорлиги, одиллиги, илмпарварлиги, оиласига содиқлиги, аёлига муҳаббати ва ҳоказо жиҳатлар билан намуна бўлмоғи зарур. Бола характерида у ёки бу салбий характер хусусиятлари шаклланишида ота-онанинг ўзаро жанжаллари, оилага, жамиятга, атроф-муҳитга нисбатан ноўрин муносабатлари, юриш-туриши, маънавияти, ахлоқи, уй-рўзғор тутумидаги пала-партишлиги, албатта, ўз таъсирини кўрсатади. Ота-онанинг бир-бирига нисбатан юксак ахлоқий муносабатини кўрган, намуна олган ўғил бола келгусида оила қурганда ўз турмуш ўртоғи билан яхши яшашга тайёр бўлиб боради.

Марказий Осиё халқларининг оиладаги шахслараро муносабатлар хусусидаги қарашлари, фикр-мулоҳазалари Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Насриддин Тусий, Амир Темур, Алишер Навоий сингари мутафаккирларнинг асарларида ўз аксини топган. Миллий психология тарихида, ҳудудимиздаги ижтимоий-психологик фикрлар тараққиётида ўтмиш мутафаккирларимизнинг маданий-маърифий қарашлари муҳим ўрин тутади. Ота-боболаримиз ўғил бола тарбиясига нисбатан қаттиқ талаб қўйганлар. Ҳунар ўргатувчи устозлар, мударрислар, оталар ўғил болалар характерида ҳақиқий йигитларга хос хислатларни таркиб топтиришга алоҳида эътибор қаратганлар.  Оналар эса фарзандларига оталарини ибрат қилиб тарбия бериб келганлар.

Шарқона оила тарбиясида ота ва ўғил орасидаги муносабат энг гўзал тарзда йўлга қўйилганлигини таъкидлаш жоиз. Масалан, ота дастурхон атрофида ўтирган бўлса, ўғилнинг отадан олдин дастурхонга қўл чўзмаслигининг ўзиёқ халқимизда отага нисбатан ҳурмат, эҳтиром ҳиссининг болалар онгига ёшликдан сингдириб борилишини кўрсатади. Ёки ота ва қиз муносабатини олайлик. Бунда ҳам ғарб, Европа оилаларида умуман учрамайдиган, шарқона одоб, андиша замирида шаклланган хулқ-атвор намуналарини (совчи келса, ота ўз фикрини қизига онаси орқали айтиши, қиз бола турмушга чиқаётганида ота оқ фотиҳа бериши ва ҳоказо) кузатишимиз мумкин. 

Хуллас, барча замон ва даврларда, синфий жамиятларда оилавий муносабатларнинг ижтимоий ва индивидуал, синфий-табақавий, миллий-этник хусу­си­ятларга, ўзига хос белгиларга эга жи­ҳат­лари мавжуд. Булар оилавий муноса­батларнинг психологик ва маънавий, иж­тимоий-иқтисодий, маданий-ахлоқий ху­сусиятларини белгилашга асос бўлади.

Ватан қўриқчиси, оиланинг устуни ҳисобланган мард эркакни ҳаётга тайёрлаш, уни ҳақиқий ўғлон қилиб вояга етказиш масъулиятини осон деб бўлмайди.

Ҳозирги ижтимоий воқелик нуқтаи назаридан келиб чиқилса, ўғил бола мактабгача даврда кам ҳолларда эркак киши билан мулоқотга киришади. Яъни, ота ишга кетади, ўғил бола она  билан бирга қолади. Боғчага борса, яна уни аёл тарбиячи тарбиялайди. Қадимда ўғил бола 6–7 ёшга тўлгунга қадар қаттиқ гап эшитиши, калтакланиши, шўхлик­ларининг чегараланиши қораланган. Бу тарбиявий удум ёш  болада шиддаткорлик, ҳаракатлар ёрдамида жисмоний чиниқиш, ҳақиқий йигитларга хос табиатнинг шаклланишини таъминлаш мақсадида вужудга келган. Энди боланинг боғчадаги ҳолатини тасаввур қилинг. Боғча опа аёллик инжиқликларидан холи, асаби мус­таҳкам бўлса-ку, боланинг бахти. Аммо бунинг акси ҳукм сурган муассасалар ҳам йўқ эмас. Ушбу ҳол болани журъатсиз, қўрқоқ қилиб қўймасмикан?

Бола мактаб ёшига етгач, уни кўпинча яна аёл муаллима қарши олади. Ўқитувчининг муомаласи, машғулотларда топиладиган мисоллар, сўзлаш услуби, тартибга чақириш йўллари — буларнинг ҳаммаси аёллик табиатидан келиб чиқиб амалга оширилади. Менинг фикримча, мактабгача, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида эркак мутахассис, ўқитувчиларининг камлиги ўғил болаларда феминлик (аёлларга хос) хусусиятларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. 

Ота-оналар фарзандлари ва айнан ўғил бола тарбиясига ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ёндашишлари лозим. Боланинг хатти-ҳаракатида озгина нохуш ҳолат, салбий ўзгариш сезилдими, дарҳол бунинг сабабини ўрганиш керак. Бундай ҳолатларда ота-она ва фарзанднинг мунтазам мулоқотда бўлиб туриши, керак бўлса малакали психологлар кўмагидан фойдаланиш яхши самара беради.

Ўғил боланинг маънавияти бузилишига кўп ҳолларда ота-онанинг  оилада бир-бирига ёмон муносабати сабаб бўлади. Баъзан таълим муассасаларида болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларга бефарқ қараймиз. Масалан, айниқса шаҳарларда ҳозир ҳар бир ўқувчининг қўлида уяли телефонни кўриш мумкин. Ота-она фарзандини назорат қилиш учун уяли телефон олиб беради. Бироқ болага хос хусусиятлардан келиб чиқсак, мактаб ўқувчилари телефоннинг асосий вазифаси қолиб кетиб, ундан бутунлай бошқа мақсадларда ҳам фойдаланишмоқдаки, бу барчамизни ҳушёр бўлишга ундайди. Менимча, ҳар бир ота-она фарзанди етарли даражада оқ-қорани танийдиган бўлгунча, унга оддий телефон олиб берса кифоя...

Баъзи ота-оналар боласига керагидан ортиқ пул берадилар, пулни нимага ишлатгани ҳақида умуман сўрамайдилар. Ҳозирги кунда кўпайган интернет клублари фаолияти тўғрисида кўп гапириляпти. Улардан фарзандларимиз ўз билим даражаларини оширишлари, турли фанларга доир янгиликлардан хабардор бўлишлари мақсадида тўғри фойдалансалар, буни фақат олқишлаш керак. Лекин кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, улар асосан турли компьютер ўйинлари ўйнаш ва жангари кинолар кўриш учун мазкур клубларга кирмоқдалар.

Шу боис болаларни ўз ҳолига ташлаб қўймай, уларнинг бўш вақтини фойдали машғулотлар билан тўлдириш керак. Айниқса, уларни спортга, санъатга жалб қилиш, бадиий адабиёт мутолаасига қизиқтириш катта фойда беради.

Булардан ташқари, айниқса, ўсмир ёшидаги болаларнинг ки­йиниш масаласига ҳам ота-она алоҳида эътибор бериши керак, деб ўйлайман. Кийимларнинг ижтимоий, маънавий, ахлоқий, тиббий мезон ва меъёрларга зид бўлмаслиги  мақсадга мувофиқдир.

 

Ўғил бола тарбиясида отанинг энг муҳим вазифаларидан яна бири – бу, уни оилага тайёрлаш масаласидир. Оила мустаҳкамлигига таъсир қиладиган омиллар бир талай бўлиб, уларни бир суҳбат доирасида тўла қамраб олиш анча мушкул. Айтайлик, бола таълим олиб, дурустгина касб эгаси, яхши мутахассис бўлиши мумкин. Лекин бу унинг мустақил оила тебратишни бемалол уддалай олади, дегани эмас. Фарзанднинг ҳақиқий оила бошқаришга қодир ёки қодир эмаслиги у оила қуриб, маълум вақт ўтгандан сўнггина билинади. Оилани мустақил бошқара олмаётган, уни моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ таъминлай олмаётган йигит бу юкдан тезроқ воз кечиш, масъулиятдан қутулиш пайига тушади. Айни ҳолларда у энг номақбул қарор – ажралишни ихтиёр қилиши мумкин. Ана шунинг учун ҳам ажралиш ҳозирги кундаги муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Шунинг учун оталаримиз ўғил болаларига оила бошлиғининг хулқ-атвори қандай бўлиши хусусида намуна бўлмоқлари лозим.  Оила, никоҳ муносабатларининг нақадар муқаддаслигини болалар онгига ёшликдан сингдириб  бориш керак.

Ўғил вояга етиб, оила қургач, одатда турмуш ўртоғига отаси онасига қилган сингари муносабатда бўлади. Халқимизда: «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор. Агар оилада эр аёлнинг ҳурматини жойига қўйса, ўзгалар ва фарзандлари олдида камситмаса, бундай оилада тарбия топган йигит ҳам оила қурганида худди отаси каби йўл тутади.

Юқоридагилардан хулоса шуки, бугун миллатимизнинг маънавий тарбиясига эътибор кучайгани, айниқса, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашга оталарнинг ҳам муносиб ҳисса қўшаётганликлари ҳаммамизга ғурур бағишлаши керак.

KONSTITUTSIYA – MUNOSIB HАYOT POYDEVORI

KONSTITUTSIYA – MUNOSIB HАYOT POYDEVORI

Ватанимиз тарихида Амир Темур бобомиздан мерос бўлиб қолган “Темур тузуклари” ўз даврининг адолатли, ўзига хос Конституцияси эди. Темур тузукларининг негизида “Куч – адолатда”, деган ғоя ётарди ва у ўша даврда адолатли ва ривожланган давлат қуришда муҳим пойдевор вазифасини ўтагани шубҳасиз. Ўз навбатида қадимги “Рим ҳуқуқи” ва Чингизхон томонидан яратилган “Яса” ҳам ўз даврида парокандаликда бўлган халқни бирлаштириш, кишиларнинг жамиятда яшаши, меҳнат қилиши ва шунга яраша муносиб турмуш кечиришини кафолатлаган илк қонунлар эди.

Буларнинг барчаси ушбу мамлакатларда марказлашган, қудратли ва ўз даврида ривожланган салтанат барпо этилишига асос бўлди. Бу давлатларнинг барчасида ҳокимият тўлиқ марказлашган бўлиб, пойтахтларидан тортиб то чекка-чекка вилоятларигача ягона қонунга бўйсунган.

Ягона ёки асосий қонунга бўлган эҳтиёж Конституциянинг яратилишига олиб келди. “Конституция” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, constitution – “тузилма”, “тузук”, “жамлаш” маъноларини билдиради. Инсоният тарихига назар ташласак, Қадимги Шумерда (икки дарё оралиғида) яратилган “Хаммурапи қонунлари”ни, қадимги Афина ва Спартанинг “Шаҳар Низомлари”ни Конституциянинг дастлабки ёки ибтидоий куртаклари, дейиш мумкин. Дунё конституализмининг ватани деб Буюк Британия давлати тан олинган. У ерда қабул қилинган “Эркинликлар Буюк Хартияси” (Magna Carta) дастлабки конституцион Акт ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда дунёда амалда қўлланилаётган энг қадимги Конституция Сан-Маринонинг асосий қонуни бўлиб, у 1600 йилда қабул қилинган. Ўз навбатида, ушбу асосий қонун 1300 йилда қабул қилинган “Шаҳар Низоми” негизида яратилган.

Замонавий тамойиллар асосида яратилган Конституция биринчи маротаба Америка Қўшма Штатларининг Делавэр штатида 1787 йилнинг 7 декабрида қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда ҳокимият тармоқларга бўлиниб, ҳар бирининг ваколат ва мажбуриятлари аниқ белгиланган. Европада биринчилардан бўлиб қабул қилинган Конституция Польша қироллигиники ҳисобланади. У 1791 йили Франция Конституциясидан ярим йил олдин кучга кирган.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 12-чақириқ навбатдан ташқари 6-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги ҳақидаги Олий Кенгаш баёноти ва “Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат бўлганидан сўнг, барча мустақил давлатлар каби ўз Конституциясига эҳтиёж сезилди.

 

Ватанимиз Конституцияси 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси олий Кенгашининг 11-сессиясида, 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган. Асосий Қонунимиз яратилишининг муҳим ва мураккаб жараёнига назар солсак, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг бир неча минг йиллик давлатчилик тажрибасига таянилган, мустақиллик йўлидаги узоқ машаққат натижаси эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қобусномадир. Конституциямиз биз учун шундай азизки, уни ор-номусни асрагандай асрамоқ лозим. Чунки айнан Конституцияда Ватанимизнинг давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, қонун устуворлиги акс эттирилган. Конституция миллатимизнинг тилига давлат мақомини бериб, давлатни халқнинг иродасига бўйсундиради ва халқни ҳокимият манбаи сифатида эътироф этади. Конституциямизда жамиятимиздаги сиёсий ташкилотлар, мафкуралар, фикрларнинг хилма-хиллиги кафолатланади ва у инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини дахлсиз, олий қадрият ҳисоблайди.

Конституция бор экан, унга риоя этмоқ, таянмоқ, ундан оқилона фойдаланмоқ ва турли хил тайзиқлардан ҳимоя қилмоқ лозимдир.

 

Зулфия Нуралиева

Ўзбекистон Республикаси

Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги

Судьялар олий мактаби тингловчиси

IBODАTNING PSIXOTERАPEVTIK XUSUSIYaTLАRI

IBODАTNING PSIXOTERАPEVTIK XUSUSIYaTLАRI

Буюк француз ёзувчиси Бенжамин Констант «Дин – инсоният та­ри­хида энг кўп ҳоким бўлган омилдир. Диний ҳаёт табиатимизнинг азалий бир моҳияти ва унинг ажралмас бўлагидир», деган эди.

Дилбар Абдуллаева,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси хотин-қизлар бўлими услубчиси

Албатта, дин феноменига маълум эътиқодий чегара юзасидан эмас, балки тадқиқот объекти сифатида ёндашилса, шуни кузатиш мумкинки, кўпгина динлар моҳиятан бир-бирларига яқиндир. Унинг вазифалари ижтимоий ҳаётни тартибга солиш, бошқариш ва энг асосийси, шахснинг маънавий оламига таъсир кўрсатиш бўлгани сабабли инсоният жамиятида муҳим ўрин тутади. Чунки маълум динга эътиқод қилувчи инсонлар ўзларида пайдо бўлган турли салбий кечинмалар, руҳий ҳолатлар ва кўнгилсизликлардан диний амалларни бажариш орқали таскин излайдилар ва ўз ибодатлари орқали «фориғланиш», яъни психологик нуқтаи назардан «катарсис» ҳолатига эришадилар.

«Катарсис» иборасини биринчи мар­та Аристотел ишлатган. Бу тушунча дастлаб Юнонистонда ўша вақтда расм бўлган трагедияларда (фожиавий асарларда)ги ҳиссий-эстетик динамикани тавсифлаш учун ишлатилган.  Ҳиссий–эстетик катарсис фожиавий асарларда туғиладиган салбий кечинмаларни бартараф этиш, яъни уларни ижобий кечинмалар асосида сиқиб чиқариш жараёни сифатида тушунилган. Санъат асарларининг инсон руҳиятига таъсирини тадқиқ этган психолог Л.С.Виготскийнинг фик­рича, катарсис жараёнида қарама–қарши, баъзан оғир ва азобли кечинмалар қандайдир ўзининг ечимини топади. Бу эса қисқа тўқнашувлар асосида, бир кечинманинг барҳам топиши ва бошқасининг вужудга келишига олиб келади. Натижада асар охирида ҳиссий юмшаш, салбий кечинмалардан озод бўлиш, «пок­ланиш» юзага келади.

Ҳиссий-эмоционал кечинмалар жараёнидаги катарсиснинг вужудга келиш қонуниятлари маълум даражада диний катарсисга ҳам хос бўлади. Агар эстетик катарсис мазмунида  ҳиссий кечинмаларнинг моҳияти ётса, диний кечинмалар, диний тасаввур ва эътиқодлар билан боғлиқ бўлади. Диний катарсис динамикасини диний ибодатларни (амал­ларни) бажариш вақтида аниқлаб олиш мумкин. Ибодатларни бажаришда вужудга келадиган индивидуал ва жамоа кечинмалари бир-биридан фарқланади. Лекин улар ўртасида умумий хусусиятлар мавжуд. Америкалик психолог У.Жеймс: «Улар ўртасидаги умумий психологик ўхшашлик барча динларда ҳам бир хил кечади. Яъни руҳий қийналишлар, иккиланишлар, умидворлик, секин-аста фориғ бўлиш жараёнидир», – дейди.

Диний кечинмаларнинг ривожланиш қонунияти ибодатлар жараёнида қуйидаги босқичларда бўлади:

Биринчи босқичда – ҳиссий кечинмаларга нисбатан диққат-эътибор, қизиқиш ортиб боради. Айниқса, бу тақводор диндорларда кучлироқ сезилади.

Иккинчи босқичда – ибодат қилувчилар бевосита Аллоҳга мурожаат қилиб, гуноҳларини кечиришни, мағфират қилишни сўрайдилар. Тавба-тазарруъ қиладилар. Мағфират қилишни илтижо қиладилар.

Учинчи босқич – якуний бўлиб, унинг ўзига хос хусусияти ибодат тинч-осойишта, ижобий ҳиссиётларни намоён этиш билан якунланади. Ибодатдан кейин, руҳий-маънавий покланиб, ўзини эркин ва енгил ҳис қилади.

«АиФ» газетасида ёзилишича, санкт-­пе­тербурглик олимлар эмперик тадқи­қотлар ўтказиб, ибодат жараёнидаги ру­ҳий ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолатни топишга ҳаракат қилганлар ва бунда муайян натижаларни қўлга киритганлар, улар ибодат билан даволашни ва шифо олишнинг сабабини кашф этишади. Диний амалларни жамоа бўлиб бажариш ибодат қилувчиларда ижобий ва салбий кечинмаларни яқинлаштиради ва уларда яқинликни вужудга келтириб, ҳиссий жиҳатдан тинчланишига олиб келади. Ибодатнинг психологик вазифаларидан бири салбий кечинмаларни сусайтириш воситаси бўлиб ҳизмат қилишдан иборат. Ибодат қилувчи Худога ишониб, ундан мушкулотларини осон қилишини сўраб илтижо қилади. Диний покланишнинг бутун моҳияти ҳам шунда, яъни ишончда, эътиқодда. Жамоа бўлиб диний амалларни, ибодатларни бажаришда ибодат қилувчиларнинг ўзига хос руҳий кечинмалари динамикаси содир бўлади. Бу хил кечинмалар индивидуал ибодатларда содир бўлмайди.

Ибодатларда руҳий покланишнинг самарали воситаларидан яна бири ме­дитация (фикрга чўмиш, фикрлаш жа­раёни) ҳисобланади. Медитация – ибо­дат қилувчининг руҳий жиҳатдан фаол­лашиши бўлиб, ўзининг психологик ҳолатини ўзгартириб, бутун диққат-­эътиборини жамлаб, ибодат жараёнига йўналтиради. Бу эса, кишидаги ҳиссий-­эмоционал ҳолатлар таъсирида юзага келган доминанталарни кескин пасайтириб, уларнинг секин-аста бартараф бўлишига олиб келади. Медитация ҳолатида ибодат қилувчи ички ва ташқи таъсирлардан холи бўлади. Бундай пайтда ибодат қилувчи қандай ғоя – мақсадлар унинг эътибори марказида бўлишини англаши муҳимдир. Шунинг учун ислом динида ибодат вақтида чалғимаслик, дунёвий ташвишларни ўйламаслик каби талаблар қўйилади. Шу билан бирга бошқа динларда ҳам диний амалларни бажариш жараёнида «катарсис» ва «медитация» жараёни кечади. Медитациядан мақсад ҳам шахс ўз руҳий ҳолатини ўзгартиришидир.

Медитация туфайли ибодат қилувчи ўзини енгил ҳис қилади. Кўп нарсалар моҳиятини англашга эришади. Медитация ҳолатидаги кишининг фик­ри жамланган ва ташқи таъсирларга берилмайдиган бўлиб қолади. Медитация ҳолатига тушишга ўрганган диндор ташқи стресс ҳолатларини енгил ўтказиши, ҳиссий-эмоционал барқарорлик хусусиятини ўзида шакллантириши мумкин. Бу ўз навбатида ҳам психологик ҳам биологик нуқтаи назардан инсон учун зарурий бўлган ҳолатдир. Диний медитация орқали инсон ўз руҳий оламини аста-секинлик билан бошқара олиши мумкин. Бу эса унинг ўз танаси онги ва руҳияти устидан эгалик қила олишга олиб боради. Зеро, Ибн Сино шахсни уч қутб – руҳ, тафаккур ва жисмга бўлган, бу қутблар бир-бирига узвий боғлиқ бўлиб, маълум бир қутбга кўрсатилган таъсир қолганларида ҳам акс этмай қолмайди, деб таъкидлаган. Шу сабабли ҳам руҳий ҳолат устидан ҳукмронлик инсонга ўз танасини ва онгини бошқаришга имкон беради. Бу эса индивидга ҳаётидаги турли инқироз даврларидан енгил чиқишга имкон беради.

Ғарб олими К.В.Эрнст «Муҳаммад Гвахт талқинида суфизм ва йога» номли асарида икки таълимот ўртасидаги назарий ва амалий яқинликнинг диндор шахслардаги диний амалларни бажариш жараёнида кечадиган руҳий- эмоционал ҳолатларини узвий тадқиқ этган. Эрнст суфизм матнларидан йога унсурларини узоқ излаган ва маълум бўлишича, сўфийларнинг муайян қисми йога тажрибасидан хабардор бўлганликларини айтади. К.В.Эрнст ўз изланишларида айниқса, сўфийларнинг диний амалларни бажариш жараёнидаги нафас назорати ва медитация сингари машқларида йоглар тажрибасидан фойдаланганликларига урғу берган. Гарчи олим бу ҳақда аниқ далиллар келтирмаган бўлсада, эҳтимол, у нақшбандия сулукининг «ҳибси нафас» ёки ҳинд сўфийлари учун одат бўлган баъзи йога машқларини назарда тутганлигини ҳам тилга олган.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, дин ижтимоий ҳаётнинг ажралмас бўлаги сифатида инсоният ҳаётида катта аҳамият касб этиб келмоқда. Динга эътиқод қилиш ва диний амалларни бажариш нафақат диндор шахс эътиқоди юзасидан, балки психотерапевтик, яъни руҳни даволаш, маънавий оламни ўзгартириш масаласида ҳам, шунингдек, бугунги кунда жадал ҳаёт тарзи сабабли жуда кенг тарқалган муаммо – турли хилдаги неврозларнинг олдини олишга ёрдам берувчи бир восита бўлиб ҳам хизмат қилиши мумкин. Бунинг учун эса диний амалларни илмий тадқиқ қилиш, уларнинг таъсир механизмларини ўрганишга киришиш зарур.

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ВА АХЛОҚЛИ ЁШЛАР – ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ВА АХЛОҚЛИ ЁШЛАР – ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.

Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Маълумки, Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари суриб, ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида эътиборга олинди.

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати эса қадимдан ота-боболаримиз томонидан шаклланиб келган асл миллий ва диний қадриятларимизни аҳамияти нечоғлик муҳим эканини кўрсатиб бермоқда.

Зеро, эртанги фаровон ҳаёт жамиятни мукаммал ахлоқ тамойиллари асосида барпо қилиш, оилада баркамол фарзанд тарбияси, унинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, маънан етук, ақлан ва ахлоқан гўзал бўлиб етиши билан белгиланади.

Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг”Одоб дурдоналари” (Ал-Адаб ал-муфрад) китобида келтирилган муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказди, навқирон авлод вакилларининг фикр-мулоҳазалари, лойиҳаларини эшитди, уларнинг таклифлари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур учрашувда глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, Президент маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини ёдга олди.

Бир кун аввал, 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари билан суҳбатда: “Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз, – деган эди Президентимиз. 

Мамлакатимиз аҳолисининг 31 фоизи, ёки 10 миллион нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади. 

Нима учун давлатимиз раҳбари айнан ёшлар масаласига алоҳида урғу бермоқда? Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб, жаҳон ҳамжамиятини ёш авлод турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олишга чақирмоқда. Асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш лозимлигини жонкуярлик билан таъкидламоқда. Бу бежиз эмас, албатта.

«Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди», дейди донишмандлар. Ёшлар тарбияси мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик лозим.

Ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Глобал муаммолар – халқаро терроризм, экстремизм, муросасизлик, саводсизлик, жаҳолат, қашшоқлик, зўравонлик ғояси “вируси”, “оммавий маданият”, одам савдоси, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, қадриятларга путур етказмоқда.

Инсониятни ташвишга солаётган мана шундай оғриқли муаммоларни ҳал этиш юзасидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида берган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи жаҳон афкор оммасида катта қизиқиш уйғотди. «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси барча томонидан қўллаб-қувватланиб,  2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида қабул қилинди.

Ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Фахр билан айтиш жоизки, кўплаб ёшларимиз ўзларининг интеллектуал салоҳияти билан халқаро олимпиадалар, спорт мусобақалари, қолаверса, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришиб, юртимиз байроғини, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётганлиги барчамизни дилдан қувонтиради.

Лекин, ютуқларимиз билан бир қаторда, айрим ёшлар ўртасида зарарли одатларга ружу қўйиш ҳолатлари учраб турганлигини инкор қилиб бўлмайди. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оила, мактаб ва таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига бугун барчамиз жиддий ёндашмоғимиз лозим.

Миллий ва диний қадриятларимизда фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатларга, айниқса, уни меҳнаткаш, ҳалол, меҳр-оқибатли, иродали ва мард инсон бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилади.

Лекин афсуски, улар орасида енгил-елпи ҳаёт кечиришга мойил, эътиқоди суст, иродасиз болалар ҳам учраб туради. Бу тоифадаги инсонларни ғарбона ҳаёт тарзига қизиқмайди, турли шоу дастурлар, ажнабий руҳдаги кечалар улар тақдирини ўзгартирмайди, дея олмаймиз. Ҳозирда компьютер, интернет клублари, телевидение каби воситалардаги енгил-елпи, мазмунан саёз ва турли зарарли одатларни тарғиб этувчи фильмлар, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилувчи воситалар кўпайгани ҳеч биримизга сир эмас.

Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга хотиржамлик ва лоқайдлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан қараш зарур. Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”.

Жобир ибн Самурадан ривоят қилинган ҳадисда : “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ (400 грам) миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”, дедилар” (Термизий ривояти). Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан ҳам савоблироқдир.

Мазкур фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.

 

Уйғун Ғафуров,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори